Вой-дод, чет элларда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш режалаштирилмоқдамиш.
Нимага? 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл Харитаси” лойиҳаси талаб қилишича, чет эллардаги ўзбек миллий маданий марказлари (жамиятлари) сонини кўпайтириш ҳамда улар қошида “Ўзбек Тили ва Маданияти” курслари, “Ўзбек якшанба мактаблари”ни ташкил этишда кўмаклашиш мўлжалланганмиш.
Шунингдек, ўз мамлакатида яшаб, фаолият юритган буюк аждодлар, ўзбек халқининг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналари тўғрисида ўзбек ва чет тилларида мазмун жиҳатидан бой ва таъсирчан қисқа метражли видеороликлар ва бошқа кўринишдаги ахборот материалларини тайёрлаш ва хорижий ОАВ, интернет тармоғида кенг ёритиш кўзда тутилганмиш.
Бундан ташқари, чет элдаги ватандошлар ўртасида “Сиз Ўзбекистонни биласизми?” ҳамда бошқа мавзуларда онлайн викториналар ташкил этилармиш.
Ўзбеклар истиқомат қилаётган чет эл давлатларда миллий байрамлар муносабати билан маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмак кўрсатилармиш.
Жуда ҳам қизиқ, дейди “Ҳаракат” мухбирлари, нима бўлибдики, чет элларда ўзбекларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар олдинга сурилмоқдамиш? Ўзбекларнинг бошқа ишлари қолмабдими? Чет элларда нима ишлар қилинармиш?
Бу ўта мураккаб саволларга жавоб бериш осон эмас, аммо улар ҳақида ўйлашимиз керак!!! Акс ҳолда ҳамма нарса собиқ Совет замонига қайтиш бўлиб қоладику!?!?