04 December 2021
22:17 - Ўзбекистонда Маҳаллабай Ишлаш ва Тадбиркорликни Ривожлантириш Агентлиги ташкил этилади
Ўзбекистонда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Қарорга кўра, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти негизида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади.

Шунингдек:

- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни Ривожлантириш Агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ваколатли офислари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Бош Вазирнинг Тадбиркорлар Мурожаатларини Кўриб Чиқиш Қабулхоналари негизида мазкур агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари;

- туманлар ва шаҳарлардаги бош вазирнинг Тадбиркорлар Мурожаатларини Кўриб Чиқиш Қабулхоналари негизида туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Маҳаллабай Ишлаш ва Тадбиркорликни Ривожлантириш Марказлари ташкил этилади.

Ҳужжатда белгиланишича, агентликка Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. Агентлик ҳузурида бир йил муддатга доимий фаолият юритадиган “Маҳаллабай Ишлаш Штаби” ташкил этилади.

Марказий Банк, Бандлик ва Меҳнат Муносабатлари Вазирлиги, Инвестициялар ва Ташқи Савдо Вазирлиги, Молия Вазирлиги, Давлат Солиқ Қўмитаси, Савдо-саноат Палатаси раҳбарларининг тегишли ўринбосарлари бир йил муддатга бошқа барча вазифаларни бажаришдан озод этилган ҳолда “Маҳаллабай Ишлаш Штаби”га хизмат сафарига юборилади.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Бош Вазир қабулхоналари ва Тадбиркорликни Ривожлантириш Агентлиги негизида Маҳаллабай Ишлаш ва Тадбиркорликни Ривожлантириш Агентлиги ҳамда туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай Ишлаш ва Тадбиркорликни Ривожлантириш Марказлари ташкил этилишини маълум қилганди. Ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари масъуллиги айтилганлигини ҳам айтиш фойдалидир.

Кўрамиз, ишлар нима билан битади? Ҳамма ҳурматли ўқувчиларимиздан шу саволларга жавоб қидиришни сўраймиз!