МИХАИЛ СААКАШВИЛИГА БАҒИШЛАНАДИ
Наҳот ер юзидан кўчиб кетдилар,
Қани Америка, қани Европа?!
Наҳот эрларини бичиб кетдилар,
Қани Америка, қани Европа?!
Очунни босдику чексиз ёвузлик,
Қирилиб кетмоқда мардлар - номуслик,
Қайдасан қалқоним, ёндим қақнусдек,
Қани Америка, қани Европа?!
Саакашвили - эрк, имон тимсоли,
Адолат заволи - унинг заволи.
Жон Маккейнлардан қолдими холи,
Қани Америка, қани Европа?!
Кимларга ишондим - нақадар майда -
Кимга устун бўлса номусдан фойда,
Қайдасан, эй Тангрим, қайдасан, қайда -
Қани Америка, қани Европа?!...
2021 йил, 19 ноябрь.
* * * * *
Нечун сўкинасан?! - сўрайсан, ёрон,
Ягона имконим - имконсизликдир.
Ёвузлик кучайса - тораяр жаҳон -
Имони омонга - омонсизликдир.
Номардликка қарши тўфондек ўпкам,
Чексиз аламимни тўкиб тураман.
Сотқину ёғийнинг қўлида ўлкам,
Ягона имконим - сўкиб тураман.
Бўлса ёмонликни қиришга чорам,
Зинҳор сўкинмасдим - қирғин эди - соз.
Ўт қўйсам, ўлдирсам - битарди ярам,
Золимлар дунёси ёнмаса - носоз.
Яқинда кўрасан, биродар,ишон,
Сўкинишга қолмас эҳтиёж асло.
Қурган дорларимга тор келар жаҳон,
Тор келар - мен ёққан оташга дунё...
2021 йил,19 ноябрь.
* * * * *
Фарқи бўлса отдан отнинг қанчалик -
Фарқи бордир зотдан зотнинг шунчалик.
Чаман отдан йўрға эшак ўзади,
Ҳатто чақмоқ саман тулпор изида.
Пуштингда бир гапни уққан ўтганми,
Бировнинг дардини англаб етганми?!
Уқмаганми - демак сен ҳам уқмассан,
Товуқ тухумидан чиққан товуқсан.
Бу дегани пушти доно - дономи,
Доно десам - кўпинча кўп хатоку.
Айнимаган бўлса - лочин тухуми,
Лочин чиқар, шундоқ зотлар тузуми...
2021 йил, 19 ноябрь.