11 September 2021
20:17 - Маршал Абдулрашид Дўстим жаҳон ҳамжамиятини “Толибон” тузган ҳукуматни тан олмасликка чақиргани ҳақида
Русларнинг Интерфакс агентлиги Маршал Абдулрашид Дўстим жаҳон ҳамжамиятини “Толибон” ҳаракати тузган ҳукуматни тан олмасликка чақиргани ҳақида хабар тарқатибди.

“Мен жаҳон ҳамжамияти ва барча қўшниларимизни, айниқса, шимол ва шимоли-ғарбдаги қўшниларимизни Афғонистондаги террорчи давлат, ҳукумати глобал террорчилардан ташкил топган давлатни тан олишга шошилмасликка чақираман”, - дейилган Абдулрашид Дўстимнинг ўз мурожаатида.

У шунингдек, БМТга ҳам мурожаат қилибди: “Мен БМТдан жим турмаслигини сўрайман. Агар Панжшерга гуманитар ёрдам етиб бормаса, фалокат юз беради”. Яъни у жим турмасдан ҳаммага мурожаатлар қилиш билан банд.

Абдулрашид Дўстим “қора рўйхатдаги террорчилар”дан Панжшердаги этник тозалов ва қатлиомни тўхтатиш, водий дарвозаларини очиш ва оммавий ахборот воситаларига вазиятни ёритиш учун имкон беришни талаб қилгани ҳам унинг мурожаатида айтилган.