11 June 2021
21:49 - Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ЙПХ ходимлари билан можаро пайтида оламдан ўтган солиқчининг иши Сенат томонидан назоратга олингани ҳақида
Бу вилоятдаги Каттақўрғон туманида ЙПХ ходимлари билан можаро пайтида оламдан ўтган ДСИ бошлиғи ўринбосарининг ўлими билан боғлиқ тергов жараёнлари Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва Хавфсизлик Масалалари Қўмитаси томонидан назоратга олингани бугун Сенат Ахборот Хизмати тарафидан хабар қилинди.

Бугун, 11 июнда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда жорий йил 10 июнь куни Каттақўрғон туман ДСИ бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли оламдан ўтгани маълум қилинган экан.

Хуллас, бу борада Ички Ишлар Вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унда ёзилишича, Азиз Аҳмедов бошқарувидаги “Cobalt” светофорнинг қизил чироғида тўхтамасдан, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлган. Сўнг йўл ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи машинани ташлаб, пиёда қочишга уринган. Бу борада вазирлик интернет тармоқларида ҳолат тасвирга туширилган видеоматериални ҳавола этган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан якуний хулоса, тергов жараёнлари ўз ниҳоясига етгандан сўнг маълум бўлади.

“Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва Хавфсизлик Масалалари Қўмитаси мазкур ҳолатни ўрганиш натижалари бўйича маълумотларни кенг оммага эълон қилади. Ўз навбатида, қўмита қонунбузилиш ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини билдиради”, дейилади хабарда.

Демак, айтилган текшириш натижасини кутиш керак. Чунки, ростдан ҳам бу ЖАНЖАЛДА катта тушунмовчиликлар бор.