25 май куни Термиз шаҳрида Афғонистон ҳукумати ва ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Бош Вазири Ўринбосари – Инвестициялар ва Ташқи Савдо Вазири Сардор Умрзоқ Афғонистон президенти администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар билан музокаралар ўтказишибди.
Кун тартибининг асосий мавзуси “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳаси ҳамда уни рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатлари бўлди. Томонлар дала тадқиқотларини ўтказиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, лойиҳани молиялаштириш масалаларини муҳокама этиб, уларнинг ҳар бири бўйича ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқди. Жорий йил феврал ойида Тошкент шаҳрида юқори даражадаги уч томонлама ишчи гуруҳ йиғилиши чоғида эришилган келишувлар ижросини тезлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланибди.
Томонлар апрел-май ойларида Афғонистон ҳудуди орқали Покистондан Ўзбекистонга ва тескари йўналишда амалга оширилган пилот автомобил қатнови муваффақиятини олқишлашибди. Улар икки мамлакат транспорт ва транзит салоҳиятини янада ривожлантириш учун ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишибди.
Саноат кооперацияни ривожлантиришга урғу берган ҳолда икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий шерикликни кенгайтириш борасидаги ишларни жадаллаштиришнинг долзарблиги алоҳида таъкидланди. Бу борада енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, чарм-пойабзал ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш саноати энг истиқболли йўналишлар деб топилибди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама этилди. Ўтган тўрт йил мобайнида ўзаро савдо ҳажми бир ярим баробарга кўпайиб, ўтган йил якунларига кўра қарийб 800 млн долларни ташкил этгани таъкидланди. Томонлар Ўзбекистон-Афғонистон савдо айланмаси яқин йилларда 2 миллиард доллар даражасига ўсишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади. Савдо ҳамкорлигини фаоллаштириш учун икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини жорий йил охиригача имзолаш мақсадида уни келишишни тезлаштиришга қарор қилди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар зарур лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш бўйича амалий кооперация қилиш йўлларини муҳокама қилдилар ва қурилиш ишларини бошлаш бўйича навбатдаги тадбирларни белгиладилар.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилди. Томонлар иккала мамлакат маҳаллий аҳолига кенг кўламли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида иккала давлат чегара ҳудудларида юқори технологик ускуналар ва зарур дори-дармонлар билан жиҳозланган замонавий тиббиёт марказларини ташкил этишга ўзаро қизиқиш билдирди.
Жорий йил сентябр ойида Кобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия навбатдаги йиғилишини ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинибди.