02 May 2021
15:34 - Туркия давлатида “тўлиқ ёпилиш” билан боғлиқ асосий саволларга жавоблар ижтимоий тармоқларда тарқатилмоқда

Ўтган ҳафта бошида Туркияда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида қабул қилинган қарорларга мувофиқ, тўлиқ ёпилиш даври бу мамлакатда 29 апрел куни бошланди. Пайшанба куни кечқурун соат 19:00да бошланган ва 17 май куни соат 05:00да якунланиши кутилаётган тўлиқ ёпилиш давридаги кўрсатма ва тақиқларнинг тафсилотлари ҳам маълум бўлмоқда.

Қуйида айрим муҳим саволларнинг Туркия Ички Ишлар Вазирлиги ва бошқа тегишли муассасаларнинг маълумотномаларига асосланган жавобларини келтирилмоқдамиз.

Туркия Ички Ишлар Вазирлиги маълумотларига кўра, асосий озиқ-овқат, дори-дармон ва гигиена маҳсулотлари сотиладиган жойлар тўлиқ ёпилиш даврида маълум соатлар давомида хизмат кўрсатади. Комендантлик соати пайтида савдо пунктларига “муҳим эҳтиёжларни қондириш мақсади”да чиқиш мумкин бўлади.

Очиқ қолишига рухсат берилган жойлар сирасига баққоллик дўконлари, озиқ-овқат дўконлари, қассобхоналар, қуритилган мева ва ширинлик дўконлари киритилган. Уларнинг иш вақти соат 10:00дан соат 17:00гача деб белгиланди. Шунингдек, мазкур рўйхатдан жой олган корхоналар ушбу соатлар давомида етказиб бериш хизматларини ҳам кўрсатишлари мумкин.

Бундан ташқари, новвойхона ва нон ишлаб чиқариш корхоналарининг бўлимлари очиқ бўлади. Овқатланиш нуқталари етказиб бериш хизматларини давом эттиради.

Рамазон ойи якунига етадиган 13 май кунига қадар овқатланиш жойларига тун-у кун ишлашга рухсат берилади. Рамазон ойидан кейин эса уларнинг иш вақти соат 01:00гача давом этади.

Дўконга машинада чиқса бўладими?

Ички Ишлар Вазирлиги маълумотномасида озиқ-овқат харид қилишни истаганлар "автомобил ҳайдамаслик шарти билан" яшаш жойига энг яқин бўлган савдо нуқтасига боришлари мумкинлиги қайд этилган. Ушбу ҳолатдаги ягона истисно – ногиронлардир. Ногиронлар савдо нуқталарига автомобилда бориши мумкин.

Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу 27 апрель куни берган баёнотида ушбу масала бўйича қаттиқ назорат амалга оширилишини таъкидлади:

“Дўконга чиққандим, баққолга чиққандим деб белгиланган маршрутдан ташқарида ўзига эркинлик ҳудудини яратишга ҳаракат қилиш ҳолатлари учраяпти. Биз бу борада белгиланган қоидаларга риоя этилишини назорат қилишимиз керак. Бу иш нафақат бизнинг, балки ҳокимларимиз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлинмаларининг ҳам зиммасига тушмоқда”.

Тармоқ савдо дўконлари қайси пайт очиқ бўлади, улар нима учун якшанба куни ишламайди?

Тармоқ савдо дўконлари (zincir marketler) ҳам бошқа савдо нуқталари сингари 10:00-17:00 оралиғида ишлайди. Улар якшанба кунлари ёпиқ бўлади. Бироқ якшанба кунлари баққоллик дўконлари, қассоблар ва мева-сабзавот дўконлари белгиланган соатлар (10.00-17.00) оралиғида хизмат кўрсатади.

Ички Ишлар Вазири тармоқ савдо дўконлари якшанба куни ёпиқ бўлиши сабабини қуйидагича изоҳлабди:

“Тармоқ савдо дўконлари ва супермаркетлар узоқ вақтдан бери муҳим вазифани бажариб келмоқда. Улар ҳам ушбу “ёпилиш даври”да ҳафтада бир кун дам олишлари мумкин”.

Маҳалла бозорлари бўладими?

Маълумот ва баёнотларда маҳалла бозорлари очиқ бўладиган жойлар қаторига киритилмаган. Шу сабабли, маҳалла бозорлари комендантлик даврида ёпиқ қолади.

Тақиқ пайтида вилоят ташқарисига саёҳат қилиш учун рухсат зарурми? Шаҳар ташқарисига чиқиш мумкинми?

Тўлиқ ёпилиш даврида шаҳарлараро саёҳатларга “мажбурий ҳолатлар”дагина рухсат берилади ва бунинг учун олдиндан рухсат олиниши керак.

Туристик саёҳат, ташриф ва диққатга сазовор жойларни томоша қилиш учун шаҳар ташқарисига чиқишга йўл қўйилмайди.

Саёҳат учун рухсатномаларни электрон ҳукумат (e-devlet) орқали ёки 199 телефон рақамига қўнғироқ қилиш орқали олиш мумкин.

Мажбурий ижтимоий вазифани бажарувчи давлат хизматчилари томонидан рухсат олиш учун ариза билан мурожаат қилиниши бундан мустаснодир. Улар рухсат олишлари шарт эмас, хизмат ҳужжатлари ва муассасага оид шахсий гувоҳномаларини кўрсатишлари етарли.

Бундан ташқари, биринчи даражадаги қариндошининг дафн маросимида иштирок этадиган ёки дафн маросимига масъул бўлган шахсларнинг рухсатномалари ҳам тизим томонидан автоматик равишда тасдиқланади.

Бошқа шаҳарга чиқиш учун қандай ҳолатларда рухсат берилади?

Ички ишлар вазирлигининг низомида мажбурий деб ҳисобланувчи ҳолатлар қуйидагича келтириб ўтилган:

- даволанган касалхонасидан чиқарилиб, асл яшаш манзилига қайтишни истаганлар, шифокор хулосаси билан юборилган ва/ёки олдин шифокор қабулига ва назоратига ёзилганлар;
- касалхонада даволанаётган турмуш ўртоғи ёки биринчи даражали қариндошига қаровчилар (кўпи билан 2 киши);
- бўлиб турган шаҳрига сўнгги 5 кун ичида келган ва қолиш учун жойи йўқлиги сабабли ўз яшаш манзилига қайтишни истаганлар (сўнгги беш кун ичида келганини саёҳат чиптаси, келган транспорт воситасининг давлат рақами, саёҳатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат ва маълумотларни тақдим этганлар);
- талабаларни танлаш ва жойлаштириш маркази (ÖSYM) томонидан эълон қилинган марказий имтиҳонларни топширадиганлар;
- ҳарбий хизматни ўтаб, ўз турар-жойларига қайтишни истаганлар;
- шахсий ёки жамоавий кундалик шартнома учун таклифнома олганлар;
- жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинганлар.

Ички Ишлар Вазири Сулеймон Сойлу агар назорат бўлмаса, бу жараёнда қонунбузарликлар содир бўлиши мумкинлиги ва ҳар бир шаҳарда кириш ва чиқиш қатъий назорат қилинишини таъкидлади.

Яшаш манзилига қайтиш учун чипта сотиб олганлар ортга қайта оладими? Таътилининг якунланиш муддати ёпилиш даврига тўғри келганлар ўз уйига қандай қайтиши мумкин?

Баёнот ва маълумотномаларга кўра, агар сиз бўлиб турган шаҳрингизга сўнгги 5 кун ичида келган бўлсангиз ва яшаш жойингиз бўлмаса, яшаш манзилингизга қайтиш истаги мажбурий ҳолат, деб ҳисобланади.

Ушбу вазиятда сиз ўз ҳолатингизни баён қилиб, электрон ҳукумат (e-devlet) ва 199 рақамига қўнғироқ қилиш орқали саёҳат рухсатномаси олишингиз керак.

Ёпилиш даври тугамасидан олдин бошқа шаҳарга бориб келиш мумкинми?

Ички ишлар вазирлиги томонидан нашр этилган “Тез-тез бериладиган саволлар” матнида ёпилиш қароридан олдин сотиб олинган чипталар билан саёҳат қилишга рухсат бериш амалиёти 29 апрель куни ярим тунда бошланиши айтилган.

Уйи ва иш жойи турли шаҳарларда бўлган инсонлар ишга қандай бориб келади?

Уйи ва иш жойи турли шаҳарларда бўлган ва иш жойлари чекловдан озод қилинган доирага кирувчи одамларнинг уй ва иш жойи қўшни вилоятлар бўлса, бориб келишга рухсат берилади. Ички ишлар вазирлиги томонидан чоп этилган “Тез-тез бериладиган саволлар” матнида ушбу саволга қуйидаги жавоб берилган:

“Одамлар истиқомат қиладиган ва улар ишлайдиган вилоятлар фарқли бўлса ва ишга бориб келиш ҳар куни мунтазам равишда амалга ошириладиган Истанбул-Гебзе, Истанбул-Чорлу/Черкезкўй, Истанбул/Ялова, Измир-Маниса, Кутаҳя-Ушак ва шунга ўхшаш чегара/қўшни вилоятларда вилоятнинг санитария кенгашлари томонидан қабул қилинадиган қарорларга мувофиқ, ишчиларга хизмат кўрсатувчи автобусларнинг йўловчи ташиш фаолияти шаҳарлараро саёҳат рухсатисиз амалга оширилиши мумкин”.

Рамазон ҳайити байрами пайтида бошқа шаҳарга таътилга буюртма бериш мумкинми?

Йўқ. Чунки, 13 майдан бошланадиган Рамазон ҳайити байрамининг сўнгги куни 15 май - шанбадир ва бу кун ҳам тўлиқ ёпилиш даврига тўғри келади. Ички Ишлар Вазирлигининг кўрсатмасида турар жой биноларини брон қилиш чекловлардан озод қилинмаслиги аниқ кўрсатилган. “Ушбу даврда турар жой бинолари мажбурий ҳолатларга боғлиқ ҳолда фақат саёҳат қилиш ҳуқуқига эга бўлган одамларгагина хизмат кўрсатиши мумкин”, деб ёзилади кўрсатмада.

Чет элга чиқишда чекловлар борми?

Халқаро саёҳатлар тўлиқ ёпилиш давридан олдинги пайтдаги каби давом этиши кутилмоқда. Бошқача айтганда, тўлиқ ёпилиш даврида халқаро саёҳатларга қўшимча чекловлар ёки қоидалар киритилмади.

Амалдаги қоидалар мамлакат ичкарисидаги саёҳатларга нисбатан татбиқ қилинади.

Чет элга саёҳат қилиш мақсадида шаҳар ичида транспортдан фойдаланилганда парвоз чиптаси кўрсатилиши керак.

Чет элдан келса бўладими, ичкарида қандай қилиб саёҳат қилиш мумкин?

Чет элдан келиб, уланиш рейсини давом эттирадиган йўловчилар саёҳат учун рухсат олишлари шарт эмас.

Ички ишлар вазирлигининг “Тез-тез сўраладиган саволлар” матнида халқаро боғловчи самолётда саёҳат қилаётган йўловчилар ички уланиш рейслари билан яшаш жойлари орасидаги сафарда халқаро парвоз ҳужжатларини кўрсатган тақдирда рухсат олишлари шарт эмаслигини таъкидланган.

Турк ҳаво йўлларининг бу мавзудаги баёнотида ички уланиш рейслари пайтида амалга ошириладиган текширувлар пайтида халқаро парвоз чипталари тақдим этилиши мумкинлигини таъкидлади.

Туркияга қисқа муддат учун келганлар чекловлардан озод этиладими?

Ички ишлар вазирлигининг кўрсатмасида қисқа муддат ичида туристик мақсадларда Туркияда бўлиб турган чет элликлар комендантлик соатларидан озод қилингани кўрсатилган.

Бироқ комендантлик соати яшаш ҳуқуқига (ikamet izni) эга бўлганлар, вақтинча муҳофаза қилиш статусида ёки халқаро ҳимояда бўлганлар учун амал қилади.

Тақиқ давлат хизматчиларига ҳам тегишлими?

Ички Ишлар Вазири СулеймонСойлу мавзуга оид баёнотида жамоат ходимларининг уйда ишлашини ва уларининг 50 фоизигача бўлган қисми иш жойида ишлаши масаласи менежерлар томонидан кўриб чиқилишини айтди.

СулеймонСойлу уйда ишлайдиган жамоат хизматчилари ҳам тўлиқ ёпилиш даврида барча чеклашлар ва тақиқларга риоя қилишлари кераклигини таъкидлади.

У шунингдек, давлат секторида ишлайдиган ва 10 ёшгача болалари бўлган аёлларга маъмурий таътил бериш амалиёти давом эттирилишини таъкидлади.

Касалхона, стоматология клиникаси, банклар очиқ бўладими?

Вазир Сулеймон Сойлу кўрсатмада кўрсатилган истиснолардан ташқари барча иш жойлари ёпилишини билдирди. Кўрсатмада баққоллик дўконлари, озиқ-овқат дўконлари, қассобхоналар, қуритилган мева ва ширинлик дўконлари очиқ қоладиган жойлар рўйхатига киритилган.

Бундан ташқари, давлат ва хусусий соғлиқни сақлаш муассасалари ва ташкилотлари, дорихоналар, ветеринария клиникалари ва ҳайвон шифохоналари ҳам очиқ бўладиган жойлар қаторидан ўрин олган.

Бу ташкилотларда ишлайдиганлар ҳамда “мажбурий тиббий қабулга ёзилганлар” шифокор ҳузурига бориш ва қайтишда вақтида комендантлик соатларидан озод қилинади.

Банклар ҳам чекланган миқдордаги филиал ходимлари билан хизмат қилади. Банклар соат 10:00дан 16:00гача ишлайди. Ушбу истиснолардан ташқари корхоналар ёпилади.

Жума намозига борадиганлар учун тақиқ мавжудми? Масжидлар очиқ бўладими?

Тўлиқ ёпилиш даврида масжидлар очиқ бўлиши ва жамоат намози ўқилиши эълон қилинди.

Дин Ишлари бўйича Раҳбар Али Эрбаш Диянет ТВ’га берган баёнотида ёпилиш даврида жамоат билан бирга масжидларда намоз ўқилишини айтди.

“Масжидларимиз очиқ. Жума ва кундалик намозларимиз ўқилади, фақат таровиҳ намози бундан мустасно”, деди у.