24 January 2021
16:12 - Тошкент хўжайини Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли технопарк монопол корхонага айланиши мумкинлиги ва бундан келиб чиқадиган хавфлар ҳақида
Ҳозир Тошкентда тарқатилаётган хабарларга кўра, кўп қаватли уйлардаги эскирган лифтларни янгисига алмаштириш ва таъмирлаш, янги қурилаётган уйларга лифт ўрнатиш якка “Texnopark” МЧЖга топширилиши мумкин. Аммо, бу қарор лойиҳасига Аксилмонопол Қўмита эътироз билдирмоқда.

Айтиш керакки, 2021–2027 йилларга мўлжалланган дастур 2020 йил июнида, ҳукумат қарори билан тасдиқланган бўлиб, ҳозир Уй-жой Коммунал Хизмат Кўрсатиш Вазирлиги бу қарорга ўзгартиш киритиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиққанмиш.

Лойиҳада Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбарлигидаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсис этган “Texnopark” МЧЖга эксклюзив ҳуқуқлар берилиши белгиланган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бунга қарши чиқаётгани бу хабарнинг энг МУҲИМ ЖОЙИ.

Бу Қўмита маълумотига кўра, лойиҳага асосан:

- республика бўйича мавжуд кўп квартирали турар жойлардаги эскирган лифтларни янгисига алмаштириш ва таъмирлаш, янги қурилаётган уйларда лифт ускуналарини ўрнатишда “Texnopark” МЧЖни бош пудратчи этиб белгилаш;
- кўп квартирали уй-жой фондидаги лифт ускуналарини мониторинг қилиш, замонавий диспетчерлик хизматини кўрсатишни “Технопарк” МЧЖга топшириш;
- “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” ДУКларининг лифт ускуналарига хизмат кўрсатувчи мутахассисларини “Texnopark” МЧЖ очган курсларда ўқитиш;
- Ипотека банк ва Ўзсаноатқурилишбанкка “Texnopark” МЧЖга айланма маблағларини тўлдириш учун зарур миқдорда кредит беришни тавсия этиш назарда тутилган.

Аксилмонополия Қўмитаси хулосасида таъкидланишича, бу бандлар қонунчиликка мутлақо зид эмиш.

Маълумки, “Рақобат тўғрисид”ги қонуннинг 12-моддасига асосан, давлат органларига:

- шартномалар тузишда устунлик бериш;
- айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериш;
- айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шартлар (шароитлар) белгилаш мумкин эмас.

Бундан ташқари:

- президент фармони билан тасдиқланган Маъмурий ислоҳотлар концепциясида соғлом рақобат муҳитининг ривожланишини чеклаётган алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар ва преференциялар бериш амалиётидан воз кечиш белгиланган;
- президентнинг 2019 йилдаги ПФ-5780-сонли фармони билан, вазирлик ва идораларга давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳукуматга киритиш тақиқланган.

Аксилмонопол Қўмитага кўра, 2та банкка “Texnopark” МЧЖга кредит беришни тавсия этиш – “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунларга тўғри келмаслиги очиқча айтилмоқда.

Хабарнинг энг қизиқ жойи - Тошкентда лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқарувчи корхона аввалроқ ишга туширилган бўлиб, унинг хўжайини “Texnopark” МЧЖ раҳбари Сарвар Аҳадов муқаддам “Dream Production” ҚКни бошқарган, ҳозир бу бу корхона ҳудудида Artel кондиционерлари ишлаб чиқарилади. “Dream Production”нинг ягона таъсисчиси – Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев экан.

Мана сизга масхарабозлик ва шармандалик, дейди “Ҳаракат” мухбири, ҳозир Жаҳонгир Ортиқхўжа бутун Тошкентни ўз қўли остига олмоқда. Бунга қандай чидаш мумкин?!

Ҳурматли ўқувчиларимиз! Бундай хулосани қандай баҳолайсиз? Жаҳонгир Ортиқхўжа бутун Тошкентни қўлга олволиш учун иш олиб бораётганиничи?