26 December 2020
16:23 - Метрополитенининг Сергели йўналиши очилди, Шавкат Мирзиё ҳам ўша ерда эди
Давлат раҳбарининг Матбуот Хизмати хабар беришича, бугун Ўзбекистоннинг эгаси Шавкат Мирзиё ҳам ўша ерда бўлган ва ўзича қандайдир тадбир ўтказган. У жамоатчилик вакиллари билан бирга поездда юриб, йўловчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирибди.

Узунлиги 7 километрлик мазкур темир йўлда бешта бекат барпо этилган. Метрополитеннинг “Олмазор” бекати билан оралиқда 580 метрлик тоннел қурилиб, ерусти ва ерости йўллари боғланибди.

Бекатлар миллий дизайн асосида пардозланган, замонавий технологиялар, электрон тўловли турникетлар, эскалатор ва лифтлар билан жиҳозланиб, бу йўналишда 214 нафар ходим йўловчиларга хизмат кўрсатиши ҳам алоҳида урғуланган.

Охирги бекатда ушбу Сергели йўналишини Қўйлиқ йўналиши билан боғлаш, ерусти метросининг кейинги босқичларини қуриш бўйича тақдимот ўтказилибди.

Пойтахтда аҳоли зич яшайдиган Қорақамиш, Ибн Сино, Тошкент трактор заводи мавзеларида жамоат транспорти тизимини яхшилаш, автобус йўналишларини мувофиқлаштириш бўйича янги топшириқлар ҳам берилибди. Аммо, улар умуман тилга олинмаган.