21 December 2020
18:37 - Тошкентча масхарабозлик: Пойтахтда ишсиз аҳоли сони қанчалиги эълон қилинди. “Ҳаракат”: Шунга ишонасизми?
Шу йилнинг 19 декабр куни пойтахт ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтганди, айнан ўша ерда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда келгуси йилга белгиланган режалар тўғрисида шаҳар аҳолисига мурожаат қилиб, шу йил натижалари бўйича ҳисобот берибди.

Нимамиш, масалан, Ялпи Ҳудудий Маҳсулот ҳажми 84 трлн 5 млрд сўмни ташкил қилармиш, яъни ўсиш суръати - 100,9 фоизни, аҳоли жон бошига эса 32 млн сўмни ташкил этармиш.

Бошқа рақамларни қўйиб туринг, шунисига ишонасизми, дейди “Ҳаракат” мухбири?

Тошкент шаҳрида 2 млн 600 минг аҳоли истиқомат қилиб, шундан меҳнат ресурслари сони 1 млн 600 минг нафарни ташкил этар экан. Жами банд аҳоли сони 1 млн 200 минг нафар, шундан расмий соҳада бандлар 895 минг (76 фоиз), норасмий бандлар 262 минг киши (21 фоиз)га тенг. Ишсизлик даражаси - 9,1 фоиз, ишсизлар сони - 115 минг кишини ташкил қилмоқдамиш.

Энг қизиғи, ҳудуд ва тармоқларни комплекс ривожлантириш инвестиция дастури, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишдаги янги йирик ва кичик лойиҳаларни ташкил этиш, мавжудларини кенгайтириш ҳисобидан ҳисобот йилида жами 59 минг 347 та янги доимий иш ўринлари яратилганмиш. Хўш, қани ўша яратилган иш ерлари? Ёки уларнинг ҳаммаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг иш ерларидами?

“Ҳаракат” Агентлиги ҳамма ўқувчиларимизга мурожаат қилиб, шу масала бўйича ўз фикрларини билдиришни сўрайди. Кўрамиз, ҳақиқий аҳвол пойтахтимизда қандай? Қани бўшаб қолган иш ерлари, у ерларнинг ишчилари қаерга қочиб кетишди? Нимага бизда ҳамма иш қидириб чет элларга қочиш йўлларини қидиришмоқда? Шуларни билайлик!