05 December 2020
18:27 - Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлаш механизми танқид қилинди: “Сен ногиронмисан, унда сабр қилиб тур, аввал соғломлар”
Буюк Британиянинг Сассекс Университети қошидаги Тараққиёт Тадқиқотлари Институти докторанти, тадқиқотчи Дилмурод Юсупов Халқаро Ногиронлар Куни муносабати билан ўтказилган конференцияда Ўзбекистонда имконияти чекланган фуқароларнинг бандлиги йўналишидаги муаммоларни санаб чиқибди ва катта камчиликлар борлигини кўрсатибди.

БМТ томонидан 2019 йилда ўтказилган тадқиқотларда айтилишича, Ўзбекистонда ногиронлиги бор 16-59 ёшдаги шахсларнинг фақат 7,1 фоизи расман иш билан таъминланган. Ногиронлиги бор аёлларнинг бандлиги 4,4 фоизни, эркаклар бандлиги эса 8,9 фоизни ташкил қилган. Ана, шармандаликни кўраверинг, дейди “Ҳаракат” мухбири.

“Ногиронликни тасдиқловчи маълумотномага “меҳнатга лаёқатсиз, “меҳнатга яроқсиз”, “махсус шароитларда ишлашга яроқли” деб ёзилиши имконияти чекланганларнинг меҳнат бозорига киришда дискриминацияга дуч келишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, ногиронлиги бор шахслар ногиронлик нафақаси олганлиги учун жамиятда улар нега ишлаши керак ёки улар ишлаши шарт эмас, деган қараш шаклланган. Гарчи имконияти чекланган кишилар ишлаш имконига эга бўлса-да, шу қараш туфайли ҳам муаммоларга дуч келишади.

Ўзбекистонда 630 мингдан кўпроқ киши ногиронлиги бор шахслар сифатида рўйхатга олинган бўлса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, 160 мингдан кўпроқ одам меҳнат қила олиши мумкин деб қайд этилган. Лекин Ногиронлар Уюшмаси бу рақам каттароқ деб ҳисоблайди”, - дебди Дилмурод Юсупов ўз нутқида.

Дилмурод Юсуповнинг қайд этишича, ногиронлиги бор шахслар учун алоҳида иш ўринлари ажратиш талаби ҳам бажарилмай келмоқда. Иш берувчилар томонидан ногиронлиги бор шахслар учун фақат қоғозда иш ўринлари расмийлаштириб қўйиладиган ҳолатлар ҳам учрайди:

“Пандемия даврида мигрантларнинг ватанга қайтиши ва бошқа сабаблар билан ишсизлар сони ошди. Давлат ташкилотлари томонидан аввал соғломларни иш билан таъминлаб олайлик, кейин ногиронлиги бор шахслар билан ишлаймиз, деган қараш сезилди. Менимча, бу очиқ диксриминация. Чунки қўйилаётган приоритетга кўра, “аввал соғломлар, сен ногиронмисан, унда сабр қилиб тур. Бу нотўғри ёндашув”.

Кўриб турибсизки, Ўзбекистонимиз ҳамма ерда шарманда бўлмоқда. Нима қилиш керак, дейди мухбиримиз?