27 November 2020
03:20 - Олий Суд судьяси Шамсиддин Тожиев: Ўзбекистонда мураккаб фирибгарлик жиноятлари авжига чиқаяпти. Буёғи нима бўлади?
Тошкентда ўтказилаётган оммавий қабуллар ҳафталиги доирасида, 25 ноябрь куни суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари иштирокида сайёр қабул ташкил қилинибди. Мухбирлар хабар қилишича, сайёр қабулда анчагина кўп одам йиғилган. Шикоятларнинг асосий қисми Олий Суд ва Бош Прокуратура тизимига тўғри келади.

Олий Суд судьяси Шамсиддин Тожиев Олий Судга шикоятлар кўплигини изоҳлаб, буларнинг аксари – фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бу тоифа ишларда икки тараф бор: бир тараф рози бўлгани билан, иккинчи тараф норози бўлиши табиий.

- Кўп ҳолларда бунга фуқароларимизнинг ишонувчанлиги сабаб бўлмоқда. Фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича чоралар кўрамиз, лекин аввало фуқароларимиз ўзлари ҳар бир ҳолатга ишониб кетавермасдан, қонуний йўл тутишса, бу жиноятларнинг олдини олади, – дейди Шамсиддин Тожиев.

Маълум бўлишича, ҳозир автомашина, уй олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарликлар кўпайяпти. Бунинг ҳаммаси фуқаро масалани қонуний йўл билан ҳал этиш чорасини кўрмай, осонгина йўл билан мақсадига эришиш ҳаракатидан келиб чиқади. Бу нимага арзон, нега бунчалик осон ҳал бўляпти – фуқаролар масалага шу томондан қарашлари орқали фирибгарликнинг олдини олишлари мумкин...

Маълум қилинишича, мазкур сайёр қабулда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан 414 нафар мурожаатчининг 431 та масаласи кўриб чиқилган. Уларнинг 86 тасига шу ернинг ўзида ечим топилган; 95 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган; қолган 250 та мурожаат юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланган.

Хўш, бу аҳволдан қандай чиқиш керак? Ҳурматли ўқувчиларимиз, сиз ҳам шу ҳақда ўйланг, маслаҳатлар беринг.