12 November 2020
22:21 - Ўзбекистонда қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий-ижодий мероси чуқур ўрганилармиш, хўш, нима бўлади?

Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи Ўзбекистон аҳолисига мурожаат билан чиқиб, ҳаммани шу йўналишда ишлар қилишга чақиргани маълум бўлди.

Нимамиш, ўтган даврда ушбу йўналишда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинганмиш, 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август - “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқдамиш. Мурожаатда айтилишича:

“Кўп миллатли халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарасини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари яна бир хайрли ва савобли ишга қўл урдилар.

Президентимизнинг фармойиши билан мустамлакачилик даврида қатағон қилинган фидойи кишилар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди.

Фармойишда Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини кенг жамоатчилик ва мутахассислар фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ташкил этиши лозимлиги алоҳида уқтирилган.

Мана шу масъулиятли вазифадан келиб чиқиб, азиз юртдошлар, сизларга мурожаат қиламиз:

– оилангизда, маҳаллангизда, қишлоқ ёхуд туманингизда, шаҳрингизда яшаган, қатағон қурбони бўлган кишилар ҳаёти ва фаолиятига дахлдор ҳужжатлар, улар билан боғлиқ буюмлар, яқин кишиларингиздан эшитган хотираларингиз бўлса,

– фуқаролар уруши, коллективлаштириш даври, шахсга сиғиниш йиллари ўз она юртидан қувғин қилинган, яқин ва узоқ хорижда яшашга маҳкум бўлган қариндош-уруғларингиз тўғрисида маълумотлар бўлса,

– “ўзбеклар иши”, “пахта иши” деган ноҳақ айбловлар жараёнида судланган, жабр кўрган ва қурбон бўлган яқинларингиз ҳақидаги материаллар бўлса,

барча тафсилотлари, ҳужжат намуналари, исми шарифи ва манзиллари аниқ ва холис ёритилган ҳолда мактуб ва бошқа жўнатмалар шаклида ёхуд шахсий мурожаат йўли билан Ишчи гуруҳ, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди идораси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда унинг ҳудудлардаги олий таълим муассасаларидаги бўлимларига йўллашингизни илтимос қиламиз.

Халқ ва Ватан ҳуррияти, мустақиллик ва адолат тантанаси йўлида азиз жонларини фидо қилган ҳар бир ватандошимизнинг исми шарифини тиклаш ва хотирасини абадийлаштиришдай масъулиятли ва савобли иш барчамизнинг сиёсий ва фуқаролик бурчимиздир”.

Мурожаатга бу ишчи гуруҳининг манзили ҳам қўшилибди: 100011, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчаси, 69-уй, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи.

Электрон манзил: info@muzey-xotira.uz.

Хуллас, шунақа оламшумул гаплар. Уларни жиддий қабул қиладиган биронта ЎҚУВЧИМИЗ топиладими? Қани бўлса, уларни бизга ҳам, Шавкат Мирзиёга ҳам юборинг.