02 October 2020
14:45 - Қорақалпоғистон Олий Кенгашига янги раис этиб Мурат Камалов сайлангани ва қандай сайлангани ҳақида

Бугун, яъни 2020 йил 2 октябрда Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари саккизинчи сессияси иш бошлагани ва бу тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё иштирок этгани ҳақида ҳамма қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари хабар тарқатдилар. Табиий хабарлар Президентнинг матбуот хизматига асосланиб тарқатилди.

Йиғилишни Олий Кенгаш раисининг ўринбосари Атабек Давлетов очибди. Сессиянинг котибияти сайланиб, кун тартиби тасдиқланибди, Оқсоқоллар кенгаши ва Ҳисоб-саноқ комиссияси таркиби тузилибди.

Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ, Олий Кенгаш раиси лавозимига Мурат Камалов номзоди тавсия этилибди, у ерда нутқ сўзларган Шавкат Мирзиё “Бугун қорақалпоқ элини, тупроғини, имкониятларини яхши билган, халқ таниган, турли масалаларни ҳал қила оладиган етакчини сайлаб олишимиз керак... Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман. У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам. Қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаганига гувоҳман” каби сўзлар билан сайланаётган янги ҳокимни мадҳ этибди.

Бошқа сўзга чиққанлар ҳам шу руҳда гапириб, Қорақалпоғистон Юқори Кенгаши раиси лавозимига Мурат Камаловни сайлашибди.

Расмда Шавкат Мирзиё ва Мурат Камаловни кўрмоқдасиз.