20 September 2020
04:43 - Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг авиазарбалари оқибатида 12 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди
Афғонистон мудофаа вазирлиги авиазарбалар натижасида 40 нафар толиб йўқ қилинганини хабар қилмоқда.

Қундуз вилоятида Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг “Толибон” ҳаракати базасига йўналтирган авиазарбалари оқибатида 12 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, 10 киши жароҳатланди. Бу ҳақда толиблар вакилига таяниб Reuters агентлиги хабар берди.

Агентликнинг қайд этишича, ўз навбатида мамлакат мудофаа вазирлиги авиазарбалар натижасида 40 нафар толиб йўқ қилинганини хабар қилмоқда. Вазирлик тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқламаган, аммо бу борада суриштирув олиб борилаётганини билдирган.

Ўтган ҳафтада Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик музокаралари бўлиб ўтди.

Маълумот берилишича, “Толибон” матбуот котиби Муҳаммад Наим Вардак дастлабки музокараларсиз ва уруш сабабларини муҳокама қилмасдан туриб толиблар ва ҳукумат ўртасида сулҳ тузиш имконсизлигини айтган.

Расмий Кобул ва “Толибон” ўзаро муҳокамалар ёпиқ эшиклар ортида ва хорижликлар иштирокисиз ўтишига келишиб олишган. // Kun.uz

"Ҳаракат": Жойи келгани учун эслатиш керакки, Доҳада тинчлик музокаралари бошланган бўлса ҳам, у 2-чи кундаёқ ўз-ўзидан тўхтаб қолган.