14 September 2020
17:17 - Эълон қилинган натижалар яна бир марта кўриб чиқилади – ДТМ абитуриентларнинг натижаларидаги тушунмовчиликлар бўйича изоҳ берди

Бугун, 14 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов жорий йилги тест натижаларини эълон қилишдаги тушунмовчиликлар ва кечикишлар бўйича изоҳ берди. Унинг қайд этишича, имтиҳоннинг очиқ ҳавода ўтказилгани ҳам абитуриентларнинг жавобларини текширишда қийинчилик туғдирган.

ДТМ расмийсининг қайд этишича, ўтган йили кириш имтиҳонларида бир кунда 60 мингга яқин абитуриент иштирок этган эди. Жорий йил эса бу рақам икки баробар ортди ва кунига 120 минг атрофида абитуриент тест топширди. Бу эса иш ҳажми ҳам 2 баробар ошганини кўрсатади.

Шунингдек, бу йилги тестларнинг очиқ ҳавода ўтказилиши ҳам жараёнга таъсир қилди. Чунки Ўзбекистон иқлимида чанг бор. Жавоблар варақаси чанг бўлса, уни текшираётганда сканер техникалари ўқимаслиги мумкин. Шунинг учун техникаларни ҳам доимий равишда тозалаб туришга тўғри келган.

«Ҳозирга қадар эълон қилинган натижалар ҳали охирги натижа эмас. Мандатгача бўлган даврда ёпиқ режимда ишлаётган мутахассислар томонидан натижалар яна бир марта кўриб чиқилади. Ташкилотдан хатолик ўтмаслиги учун ҳамма жавоблар таҳлил қилиб чиқилади ва Давлат қабул комиссиясига киритилади. Давлат қабул комиссияси томонидан мандат эълон қилингандан сўнг абитуриент ўз натижасидан норози бўлса, апелляция шикоятини ёзиши керак бўлади.

Ҳозир кўпчилик натижаларидан норози бўляпти, лекин бу ҳали фақат дастлабки натижалар. Улар яна қайта кўриб чиқилади», дея Сардор Ражабовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан ташқари, Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Барно Ражабовнинг қўшимча қилишича, имтиҳонларни очиқ ҳавода ўтказиш об-ҳаво ўзгаришлари кузатилиши ва имтиҳон жараёнини назорат қилишдаги қийинчиликлар туфайли бироз мураккабликлар туғдирган. Шунинг учун кейинги йилги имтиҳонларда очиқ ҳавода имтиҳон ўтказиш тажрибасидан фойдаланилмайди. // Kun.uz