28 August 2020
13:16 - ТАЙИНЛОВ: Фарҳод Умаров Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди
Бугун, 28 август куни Бухоро вилояти ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Йиғилишда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, камтарин инсон, давлат ва жамоат арбоби Карим Камоловнинг вафоти нафақат бухороликлар, балки бутун мамлакатимиз учун жуда катта йўқотиш бўлганлиги таъкидланди. Бугунги мураккаб шароитда аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, пандемия сабабли зарар кўрган иқтисодиёт тармоқларини тиклаш, «темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» тизимларида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.

Айни пайтда Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган Фарҳод Умаров Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов қатнашди.

Зариф Комилов, ЎзА