15 July 2009
21:35 - Ўзбекистондаги ички миграция БМТ томонидан ўрганилди
Жамиятшунос Л.Максакова БМТнинг Ривожланиш Дастури (БМТРД) доирасида Ўзбекистонда ички миграциянинг тенденциялари, ижтимоий-иқтисодий, ҳудудий ва бошқа тарфларини ўрганиш ҳамда ҳукумат учун таклифлар яратиш мақсадида тадқиқотлар ўтказди, дейилади CA-News агентлигиниг хабарида.

Тадқиқот Тошкент, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида ўтказилган. Тадқиқит муаллифи 1000 киши билан суҳбатлар ўтказган. Уларнинг 617 си аёл, қолганлари эркак. Тошкентликлар 680 киши, қолган икки вилоятдан 160 кишидан.

Л.Максакованинг асосий хулосаларидан бири шундай: Сўнгги йилларда меҳнат ресурсларининг ортиши яратилаётган иш жойларидан кўп бўлгани сабабли меҳнат бозорида қийинчиликлар чуқурлашмоқда. Бундай хулосага келиш учун ҳеч қандай тадқиқотнинг кераги ҳам йўқ эди, дейди бу хусусда “Ҳаракат” мухбири. Буни оддий статистик маълумотлардан ҳам кўрса бўлади.

Лекин тадқиқиотда қизиқ фактлар ҳам аниқланган. Масалан, 2001-05 йиллари ишга жалб қилишнинг ортиши норасмий сектор ҳисобига бўлган, расмий секторда бу ортиш аввалги йилларга нисбатан 6 фоиз тушган. Ҳатто, расмий маълумотларга кўра, иши борларнинг 17 фоизи вақтинча, бир марталик ёки масумий ишда ишлайдиганлардир.

Тадқиқотга кўра, ички меҳнат миграцияси ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, деб давом этади CA-News, лекин тадқиқит муаллифи миграцияни 30 фоиз деб баҳолаган.

Тошкент шаҳрига ишга келаётганларнинг 19,7 фоизи Тошкент вилоятидан, 17 фоизи Қашқадарё, 11,6 фоизи Самарқанд, 10,3 фоизи Фарғона ва 8,8 фоизи Сурхандарё вилоятидан экан. Бошқа вилоятлар нима учун тадқиқиотда тилга олинмагани ҳам маълум эмас.

Хуллас, дейди мухбиримиз, номига кўра жуда фойдали тадқиқот ўтказилган. Аммо, CA-News агентлигини хабари жуда саёз ва энг керакли саволларга жавоб бермайди. Агентлик бу тадқиқот натижалари билан қаерда танишгани ҳам кўрсатилмаган.