14 July 2009
23:50 - Бастилиянинг олиниш куни воқеалари диктаторларга ҳам демократларга ҳам дарс бўлиши керак
14 июль - Буюк Франциз инқилобининг бошланиш куни. Айнан шу куни инқилобий руҳдаги Париж аҳолиси монархиянинг рамзи бўлган Бастилия қамақхонасини босиб олган ва уни бутунлай бузиб ташлаганди. Унинг ўрнида ҳозир ҳам мавжуд бўлган Бастилия майдони яратилган. Майдонда ўрнатилган лавҳада “Бу ерда рақсга тушилади” деб ёзиб қўйилган.

Давлат жиноятчилари сақланадиган Бастилия қамоқхонаси инқилоб арафасида, юқорида айтилгандек, монархиянинг рамзи эди, холос. Монархия аллақачон чириган, инқилобий руҳ халқнинг қалбига жойлашиб бўлган эди. Бунинг исботи - Бастилия халқ томонидан босиб олинган куни у ерда биргина махбус бўлганидир.

Эски тузумнинг рамзлари бузилиши тасодифий нарса эмас. Рамзлар бузилмаса, эски тузумнинг тикланиш эҳтимоллиги жиддий бичимда ортади, у рамзлар эски тузум тарафдорларини руҳлантиради.

1991 йил август фитнаси мағлубиятга учраб, демократлар ғалаба қозонган 21 август куни Совет тоталитар тузумининг рамзи бўлмиш КГБнинг Лубянкадаги маркази соғ қолди. Путин кабиларни диктатурани тиклашга руҳлантирган нарса – ўша рамз, ўша Лубянка бўлди.

Рус демократияси ахир бир кун ғалаба қозонади. Тахмин қилиш мумкинки, бу сафар Лубянкадаги бинонинг ғиштлари биттадан бузиб олинади, Москва марказида янги майдон яратилади.

КГБнинг вориси бўлмиш Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Тошкент марказидаги биносининг тақдири шундай бўлиши керак. Шундай бўлади.