27 September 2019
21:33 - Олий Суднинг матбуот хизмати: ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев 18 йилга қамалди, унинг тақими ҳам жазосини олди. “Ҳаракат”: Нимага у тақимда Шавкат Мирзиё йўқ?
Бугун 2019 йил 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Харбий Суди аввалги номи КГБ бўлган Давлат Хавфсизлиги Хизматининг (ДХХ) собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан айблов ҳукми эълон қилингани Ўзбекистондаги қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари тарафидан билдирилди. Табиий, қўғирчоқ ахборот воситалари Шавкат Мирзиёнинг буйруғи билан берилган бу ҳукмга ҳеч қандай изоҳ ва таҳлил бермаганлар.

Қисқа қилиб айтсак, 2009 йилдан бери президент маслаҳатчиси, 2015-2018 йиллари мамлакат Бош Прокурори, 2018 йилда ДХХ раиси этиб тайинланган, аммо 2019 йил 11 февралда бу лавозимдан гўёки ўз ихтиёри билан кетган Ихтиёр Абдуллаев (расмда) 18 йилга озодликдан маҳрум этилибди. Ўз-ўзидан маълумки, бу одам ўз лавозимидан кетиши биланоқ ҳибсга олинган, аммо бу ҳақда анча кейинроқ расман хабар тарқатилган эди.

Маълум бўлишича, Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилибди.

Шунингдек, суднинг ҳукми билан: ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Игамов 16 йил, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Ишанходжаев 17 йил, Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Ёркин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Юсуфбой Ходжаев 8 йил, Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Хидоятов 5 йил, Олий Суд раисининг собиқ ўринбосари Баходир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев 5 йил озодликдан маҳрум қилинибди, уларнинг ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинибди.

Яна 15 нафар судланувчига ҳам айбига яраша жазолар тайинланган, суд томонидан жиноятлар оқибатида давлат, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилган тегишли чоралар белгиланган.

Ҳеч шубҳа йўқки, дейди мухбиримиз, бу жазоланганлар айбларига яраша жазо олганлар. Аммо, унутмайликки, Шавкат Мирзиё 2003-2016 йиллари Бош вазир бўлган, ҳаромий Ислом Карим ўлгандан кейин ноқонуний равишда президентлик курсисини эгаллаб олган. Шунча йилдан бери мамлакатнинг бошида ўтирган 2 одамдан бири Шавкат Мирзиё Ихтиёр Абдуллаев ва унинг жиноий тақими қилаётган ишлардан хабарсизмиди? Шавкат Мирзиё ҳамма нарсани билган ва ҳеч шубҳасиз катта ишларнинг иштирокчиси бўлган, катта ўғри пулларнинг, яъни пораларнинг бир қисми унинг чўнтагига тушган.

Хўш, Ўзбекистондек давлатнинг Олий Судидагиларнинг шунга ҳам ақли етмайдими? Етади, аммо улар бугунги подишоҳнинг айтганини қилишга мажбурлар. Ҳар қандай диктаторликда айнан шундай бўлишини ҳамма билади ва бу диктатор ҳам умрининг охиригача ҳозирги лавозимида қолишига ҳамма ишонади.

Лекин, ҳозир 21 аср!!! Дунёда нималар бўлаётганини кўрмаяпсизми, Олий Суднинг жаноб судьялари? Табиий, кўраяпсиз, ҳамма нарсани тушунаяпсиз. Демак, сизларга ҳам жавоб бериш вақти келаётганини энг камида тахмин қилаётган бўлсангиз керак. Нима ҳам дердик, тайёрланаверинг! Сиз ҳам, Шавкат Мирзиё ҳам!