17 July 2019
16:05 - Яна масхарабозлик: Ўзбекистоннинг бош порахўр ва коррупционерлари, яъни ректорлар, “Коррупциясиз соҳа“ яратиш бўйича мурожаат эълон қилишди

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА хабар қилишича, бугун пойтахтдаги “Туркистон“ санъат саройида Олий ва Ўрта Махсус Таълим Вазирлиги ҳамда ОТМлар ректорларининг Ўзбекистон халқига мурожаати эълон қилинди.

Мурожаатда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёнинг 2019 йил 11 июлдаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини янада оширишга қаратилган фармони ва қарори олий таълим соҳаси учун тарихий воқеа бўлгани урғуланган ва ҳаммани бу соҳани порахўрлик ва коррупциядан қутқариш учун ҳаракат қилишга чақирилган.

Ақлсиз одам ҳам тушунадики, бош порахўр ва коррупционерлар ҳаммани порахўрлик ва коррупцияга қарши курашишга чиқириши масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Чунки, Ўзбекистондаги мавжуд системани ўзгартирмасдан порахўрлик ва коррупцияни йўқ қилиб бўлмайди. Бу иллатларни бироз камайтириш билан катта натижаларга эришиш мумкин эмас.

Шу сабабли, аввалари ҳам кўп марта айтилган чақириғимизни яна такрорлаймиз.

Ҳурматли Ўзбекистон фуқаролари! Кўзингизни очинг, масхарабоз президент, масхарабоз Олий Мажлис, масхарабоз қўғирчоқ партиялар ва масхарабоз қўғирчоқ ректорлар билан келажагимиз йўқ. Келажагимизни буюк қилиш учун Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ СИЁСИЙ ва ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР ўтказиш керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни ДЕМОКРАТИЯЛАШТИРИШ, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади. Қўғирчоқ сиёсий партиялардан қутилишнинг ягона йўли – сиёсий партиялар ҳақидаги қонундан ҳақиқий партияларни рўйхатга олмаслик мақсадида қўйилган тўсиқлар олиб ташланиши керак. Масалан, сиёсий партияни рўйхатга олиш учун партиянинг ҳозиргидек 20 минг эмас, бир неча юз аъзоси борлиги етарли эканлиги қонунлаштирилиши ШАРТ.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ЎТИШ, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган жинояткорона тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзбекистон тўла бозор иқтисодиётига ўтса, ўзимизнинг инвесторлар синфи яратилади ва ўз инвесторларимиз ҳамма муаммоларни Шавкат Мирзиёнинг йиғилишларисиз ҳам ҳал қиладилар.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак. Далама-дала ва шаҳарма-шаҳар юришлардан ҳам фойда бўлмаслигини унга тушунтириш керак.

Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, халқ майдонларга бизнинг чақириғимиз билан чиқиб, шундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади.

Халқимиз майдонларга чиқиб, митинг ва намойишлар ўтказишни билади. Шу ерга "Бирлик" 1989 йил 23 сентябрда Тошкентнинг Навоий кўчасида "Ўзбек тили - давлат тили" шиори остида уюштирган намойишини кўрсатувчи расмни қўймоқдамиз. Мустамлака пайтида майдонларга чиққан халқимиз мустақиллик йиллари ҳам майдонларга чиқади.