Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон Инвестициялар ва Ташқи Савдо Вазири Сардор Умурзоқов Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти билан банкнинг Лондондаги штаб-квартирасида музокаралар олиб боргани (расмда) ҳақида хабар тарқатдилар.
Хабарнинг муҳим нуқтаси - ЕТТБ Бошқарувчилар Кенгашининг 2023 йилдаги йиғилишини Самарқандда ўтказиш ҳақида Ўзбекистон ариза бергани ва Лондондаги учрашув пайтида бу масала ҳам муҳокама қилингани.
Билмаганлар учун билдириш керакки, 2003 йил май ойида ЕТТБ Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилиши Тошкентда ўтказилган ва бундан фойдаланиб, “Бирлик” Халқ Ҳаракати сўнги 10 йил ичида биринчи марта ўз қурултойини ўтказиб олган эди. Айнан ўша қурултойда “Бирлик” Халқ Ҳаракатини сиёсий партияга айлантириш ҳақида қарор қабул қилинди ва Ўзбекистонда жиддий демократик ўзгаришлар бошланди.
Тўғри, ўша тарихий жараёнлар 2005 йил май ойида Андижонда акромийларнинг қонли исёнидан кейин тўхтатилди. Ўша воқеаларни ҳам ҳисобга олиб, 2023 йилда Самарқандда ЕТТБ йиғилиши бўлишидан самарали фойдаланиш ҳақида ҳозироқ ўйлаш ва тайёрланиш керак.