15 March 2019
17:52 - Ўзбекистонимиз Россия ва бошқа мамлакатлардаги ватандошларимизнинг молиявий ёрдами билан оёқда турибди. 19 март куни Мустақиллик Майдонига чиқинг, буни ҳам гаплашайлик!
“Ҳаракат” Агентлиги бу хабар сарлавҳасидаги фикрни, яъни мамлакатимиз чет элларда, авваламбор, Россияда мажбуран ишлаётган ватандошларимизнинг Ўзбекистонга юбораётган пуллари билан оёқда турганини йиллардан бери айтиб келмоқда. 2014 йили Ўзбекистоннинг Давлат Бюджети 10-11 млрд доллар атрофида бўлганда, Россиядаги ватандошларимиз Ўзбекистонда яшаётган оилаларига сал кам 6 млрд доллар пул жўнатганлари, Туркия, АҚШ, Жанубий Кореядан ҳам тахминан шунча пул келаётганини тахмин қилиб, Ўзбекистоннинг Давлат Бюджети ташқаридан келаётган пул билан оёқда турганини айтар эдик.

2014 йили Россия Қримни расман, Донбасни феълан босиб олгандан кейин, Ғарб киритган санкциялар натижасида Россиянинг иқтисоди анча чўкди ва у ердан келаётган пул 2016 йилда 2 бараварча камайган бўлса ҳам, кейин ортиш бошланди.

Россиянинг Марказий Банки бугун 2018 йилга оид маълумотларни очиқлади. Маълум бўлишича, 2018 йили Россиядан Ўзбекистонга 4 млрд доллар жўнатилган. Тахмин қилиш мумкинки, бошқа мамлакатларда (Туркия, АҚШ, Жанубий Корея ва бошқалар) ишлаётган ўзбекистонликлар ҳам камида шунча пул юборганлар, чунки, бу мамлакатларда ишлайдиганлар кам бўлса ҳам, улар Россиядагидан кўра анча кўпроқ ойлик оладилар. Демак, чет эллардан тахминан 8 млрд доллар пул келган.

Ўзбекистоннинг 2018 йилга Давлат Бюджети 2017 йилнинг охирида Миллий Мажлис тарафидан бор-йўғи 7,7 млрд доллар қилиб белгиланган эди. Шавкат Мирзиё бундай Давлат Бюджети тайёрлаганларни “каламишлар” деб ҳақорат қилган бўлса ҳам, бир ҳафтадан кейин бу бюджетини шахсан ўзи тасдиқлаган. Демак, 2018 йилда чет эллларда ишлаётган ватандошларимиздан Ўзбекистоннинг Давлат Бюджетидан кўпроқ пул келди. Бу пул бўлмаса, шундоқ ҳам гадой бўлган мамлакатимиз ўлган бўларди.

Қизиқ, Шавкат Мирзиё ва унинг ҳукуматидагилар бу каби рақамлардан хабарлари борми? Ўзбекистон ҳали ҳам четдан келаётган пулга тўла боғланиб қолганини тушунадиларми? Нима учун бу аҳволдан чиқиш учун фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳатлар бошламасдан, косметик ислоҳотлар билан оворалар? Саволлар кўп, жавоблар йўқ.

Эслатиш керакки, мамлакатимиз демократлари 19 март, яъни ўзбек миллати ўз тарихида биринчи марта митингга чиққан кун - МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини, шу йил 19 март куни Тошкентдаги Мустақиллик Майдонида умумхалқ байрам сифатида нишонлашга тайёрланмоқдалар. Бу ҳақда 18 февралдаёқ Тошкент шаҳар ҳокимига расмий хабар берилган.

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат эса, Шавкат Мирзиёга мактуб йўллаб, уни ҳам байрам маросимига таклиф қилди. Айнан ўша куни, ўша ерда ватан ва миллат олдидаги ҳамма фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўйиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказишни талаб қилиш мумкин бўлади.

Ўзбек тилини давлат тили қилиш, Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олиш талаблари билан 1989 йилда уюштирлган намойишлардан бирини расмда кўрмоқдасиз.