Билмаганлар билиб қўйсинки, Совет замонида фақат юбилей йилларгина Алишер Навоийнинг туғилган куни кенг тантанали шаклда нишонланарди, бошқа йиллар билан ҳеч кимнинг иши бўлмасди. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг ташаббуси билан ҳар йили 9 февралда Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш, шоирнинг ҳурмати учун ҳайкал атрофида йиғилиш ўтказиш анъанаси бошланган.
Бу анъана 1990 йили бошланди. “Бирлик” фаоллари олдиндан келишиб, 9 февраль куни Навоий ҳайкали олдига келдилар ва кутилмаган воқеа билан қаршилашдилар. У ерга “Бирлик” фаолларидан аввал келган тахминан 10 нафар ёзувчи, уларнинг ичида Пиримқул Қодиров ҳам бор эди, ҳайкал олдига гуллар қўйиб бўлиб, ўша ерда кичик митингга ўхшаган нарса ўтказишмоқда экан. Дарҳал маълум бўлдики, “Бирлик”нинг режасидан хавотирга тушган ўша пайтдаги диктатор Ислом Карим “Бирлик”га қўшилмаган ёзувчиларининг бир гуруҳига ҳаммадан аввал Навоий ҳайкали пойига келиб, гул қўйиш топшириғи берган экан.
Нима бўлса ҳам, ўша куни тарихда бириничи марта Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиш ва улуғ шоиримизни ҳурмат кўрсатиш маросими бўлган. Мана ҳозир ўша анъана умумхалқ маросимга айланди.
Оммавий ахборот воситалари билдиришича, бугун ҳам Алишер Навоийнинг 578 йиллиги кенг нишонланмоқда. Алишер Навоий номи билан юритилувчи Ўзбекистон Миллий боғида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Боғ ҳудуди ҳам эрта тонгданоқ адабиёт мухлислари, сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат тузилмалари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиёт фидойилари, шеърият мухлислари, ўқитувчилар,талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик билан гавжум бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар Eюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек Тили ва Адабиёти Университетининг ўзбек адабиёти тарихи ва фольклор кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Дилнавоз Юсупова ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор бой илмий, маънавий меросимизни ўрганиш, уни тарғиб этиш, қадимий манбаларни мукаммал тадқиқ этган ҳолда нашр эттириш, ижод аҳлига ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатиш каби эзгу ишларда ўз амалий ифодасини топаётганини таъкидлади.
Мамлакатнинг бир қатор жойларида, жумладан, Термизда ҳам шу каби байрам маросими ўтказилди. Вақти келади, бу анъана “Бирлик” Халқ Ҳаракати тарафидан яратилгани ҳурмат билан тилга олинади.