27 November 2018
18:50 - “Эзгулик” Жамиятининг сирдарёлик фаолларидан Ўзбекистон Президентига, Бош Прокурорга, Олий Суд раисига ва жамоатчиликка Мурожаатнома

№ Э/42
16.11.2018-йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори О.Муродовга

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси К.Ф.Комиловга

Барча ОАВ (ижтимоий тармоқлар) орқали кенг жамоатчиликга


 М У Р О Ж А А Т Н О М А


Ҳурматли Давлат бошлиғи,
Мухтарам Давлат органлари раҳбарлари,

Юртимизда ҳар жабҳада тезкор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан Қонунийлик, Суд, Ҳуқуқ-тартибот соҳаларида ҳам...

Бироқ, ислоҳотларга қарамай, шу кунларда ҳам айрим ҳолатларда Инсонни хўрлаш, қийноқлар қўллаш, адолатсиз тергов ҳамда Суд жараёнлари амалиётлари учраб турганлиги-ғоят афсусланарли ҳолатдир.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятига 2018-йил 26-октябрь куни Тошкент вилояти, Пискент тумани, “Дўстлик” МФЙ, Самарқанд кўчаси, 11-уйда яшовчи ватандошимиз-Ф.Х.Эргашева мурожаат йўллаб, унинг турмуш ўртоғи, 1972-йилда туғилган, 3 нафар фарзандлар отаси, муқаддам судланмаган Эргашев Комилжон Абдураимовични 2017-йил 6-сентябрь куни танишинг тўй маросими куни гўёки “тўй бўлаётган хонадон ичида (?) 6 яшар вояга етмаган қизга нисбатан жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда (?) қондираётган вақтда (?) қизча йиғлаб юборганлиги сабабли, хонадан чиқиб кетган” деб, уйдирилган айблов хулосаси қандай “ижод” қилинган бўлса, ЖИБ Тошкент вилояти, Ўрта-Чирчиқ туман судининг 2017-йил 18-октябрь кунги Хукми, 2018-йил 13-февраль куни бўлиб ўтган ЖИБ Тошкент вилояти Суди Апелляция инстанцияси Судлов Ҳайъати ҳам айнан айблов хулосасини “тасдиқлаб” бериши оқибатида маҳкум-К.А.Эргашев Ўзб. Респ. ЖК.нинг 119-модда 4-қисмида назарда тутилган жиноятни гўёки содир этганликда гумонланиб, 2017-йилнинг 8-сентябридан буён ҳибсга олиниб, ҳозирда Навоий вилояти ИИБ УЯ 64/47-ЖИЭМ.да жазо ўтаётганлигини маълум этиб, ташкилотимиздан ҳуқуқий кўмак сўраган.

Мурожаат муаллифи-Ф.Х.Эргашева, адвокат-А.Аҳмедовнинг хулосалари, Навоий вилояти махсус прокурори хати ва тақдим этилган экспертиза хулосалари мониторинги маҳкум-К.А.Эргашевга нисбатан айблов Хулосаси, Суд қарорлари бир томонлама, процессуал қонунчилик ҳамда Олий Суд Пленумининг тегишли Қарорлари талаблари қўпол тарзда бузилган ҳолатда олиб борилган кўринади.

Хусусан:

1. Адвокат-А.Аҳмедовнинг хулосаси бўйича “айблов”, вояга етмаган қизчанинг (6 ёш) онасини шубҳа-гумонларига, унинг Тоштурмада фаолият олиб борувчи акасининг сайъи-харакатлари остида уйдирилган;

2. Айблов хулосаси ва дастлабки Суд ҳамда Апелляция инстанцияси матнида ҳам ҳолат айнан бир хил талқин этилган. Баҳолангки, ушбу “ҳолатга” бирорта ҳам гувоҳ бўлмаган, 6 яшар қизалоқ эса, бундайин даражадаги юридик атамаларни тушунмайди, баён ҳам эта олмайди. Ушбу асоссиз айбловни тайёрлаган терговчи, ТБ бошлиғи ҳамда уни тасдиқлаб юборган Прокурор фаолиятини жиддий таҳлил этиб, хизмат текшируви олиб бориш лозим бўлади.

3. Айблов хулосаси матнида гумондор - К.А.Эргашев, қизчанинг онаси саволига гўёки “ҳеч нарса қилишга улгурмадим, йиғлаб қолди, ишонмасанг дўхтирга текширтир” деган эмиш... Бундай жавоб бериш (ёзиш учун ҳам) учун шахс ё ақлан норасо, (лаёқатсиз) ёки ўта ҳавфли рецедивист бўлмоғи керак! Гумондор-К.А.Эргашев унисига ҳам, бунисига ҳам мансуб эмас.

4. Ҳибсга олинган гумондор - К.А.Эргашевни Пискент туман ИИБ ЖҚБ ходимлари: К.Йўлчиев ва А.Исохонов исмли шахслар уриб, дўппослаб, қийноқлар қўллашлари оқибатида ўртача оғир даражадаги тан жароҳати олиб, жаррохлик амалиёти ўтказилган. (10.05.2018-йилдаги Суд тиббий экспертизаси тўхтамига кўра, жароҳат “оёққа кийилган пойафзал ёрдамида тепилиши таъсирида бўлиши инкор қилинмайди”..)

5. Гўёки “жабрланувчи” мақоми берилган 6 яшар қизчага (унинг манзили, тўлиқ маълумотлари ташкилотимизда мавжуд) тайинланган 07.09.2017-йилдаги №1005-к-сонли экспертиза хулосасига кўра, қизча танасининг бирор соҳасида ҳеч қандай из ёки асорат бўлмаган. Ваҳолангки, тиббиётга оид замонавий экспертиза танада бирор бир из, ДНК қолдиғи, ҳаттоки бошқа предмет (механизм) нинг салгина ишқаланишини ҳам аниқлай олади...

6. Гумонланувчини 2017-йил 6-сентябрь куни Пискент туман ИИБ ЖҚБ га олиб кетишиб ҳибс этишган. Қизчанинг онаси эса, ИИБ бошлиғи номига 07.09.2017-йилда (?) ёзма мурожаат этган...

7. Гарчи Суд жараёнида гумондор-К.А.Эргашевга қийноқ қўллаб, унинг елкасини тепкилаб синдирган ИИБ ходимлари жиноятлари экспертиза хулосалари асосида илмий исботлансада, маҳкумнинг ва унинг турмуш ўртоғи-Ф.Х.Эргашеванинг бир-неча бор Пискент тумани, Тошкент вилояти ва Ўзб. Респ. Бош прокуратурасига уларга қонуний чора кўришликни сўраб ёзган мурожаатлари 1 йилдан ортиқ вақт ўтса-да, бироқ кўриб чиқилмаган...

8. Масаланинг қизиқ жихати шундаки, шикоят муаллифининг ёзма баён этишича, 2018-йил 1-2-июнь кунлари Пискент туман ИИБ бошлиғининг махсус хатига асосан (№25/24-1368-сонли) Навоий вилояти ИИБ УЯ 64/47-ЖИЭМ бошлиғи хузурига Пискент туман ИИБ ЖҚБ бошлиғи майор-В.А.Худойқулов кириб, маҳкум-К.А.Эргашев билан учрашишга рухсат сўраган... Учрашув давомида (2 кун) ЖҚБ бошлиғи маҳкумга “ИИБ ходимлари устидан Ўзб. Респ. Бош прокурори-О.Муродов номига ёзган шикоятини қайтариб олса, унинг аёли ва ёлғиз қизи учун у турмадан (ЖИЭМ) чиққунча етарли миқдорда АҚШ доллари бериб туришларини, (?) акс ҳолда ўзига ва оиласига ёмон бўлиши тўғрисида таҳдид қилиб, маҳкумни бу ерда ҳам тинч қўймасликларини” айтиб, босим кўрсатса ҳам у кўнмаган... (Навоий вилояти махсус Прокурори-Х.Н.Ҳамроевнинг Пискент тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи, майор-В.А.Худойқуловнинг ЖИЭМ да 2 кун давомида маҳкум-К.А.Эргашев билан учрашганлигини тасдиқловчи №24/84-18-195-сонли 04.07.2018-йилдаги хати ташкилотимизда мавжуд)

9. Муҳтарам Президент, Ҳурматли Бош Прокурор, Яқинда жаҳон ҳамжамияти “Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси” қабул қилинганлигининг 70 йиллигини кенг нишонлайди. Шу сана арафасида ташкилотимизга мурожаат йўллаган ватандошимиз-Ф.Ҳ.Эргашеванинг турмуш ўртоғи-К.А.Эргашевга нисбатан тадбиқ этилган шубҳали ва зиддиятли (ноқонуний) жиноят таркибини малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда қайта кўриб чиқишларингизни сўраймиз.

Тўғри, Ўзбекистон жиноят қонунчилиги бўйича ҳар қандай жиноятга (айниқса, ЖК.нинг 97, 118, 119-моддалар) уриниш ҳам, (қасд қилиш) гарчи мақсад охирига етмаган бўлса ҳам (содир этилган) жиноят деб эътироф этилган...

Бироқ, бунинг учун аниқ далил, исбот, ҳаракат гувоҳи, экспертиза хулосаси бўлмоғи шарт! Маҳкум-К.А.Эргашевга нисбатан юритилган жиноят ишида эса булардан ишора берувчи бирорта ҳам аломатлар йўқ. Соҳта гувоҳ, соҳта айблов, боланинг софлиги ҳамда қийноқ қўлланганлиги, жиноятни яширишга уриниш ҳаракатларини тасдиқловчи хужжатлардан бошқа!

Дарвоқе, яна жиноят қонунчилигимизда “ҳар қандай гумон, шубҳа ҳам айбланувчининг фойдасига ҳал этилмоғи шарт” деб, ёзилган жумлалар ҳам бор...

Ҳурмат билан:
И.Ризаев, Ҳ.Алибоев - Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти фаоллари

Мурожаат рақами 124185-s/18
Текшириш коди 2d540e9370 (Президент виртуал
қабулхонасига юборилган)

Мурожаат рақами 25100-r/18
Текшириш коди 5ae6a49db2 (Бош Прокурор виртуал
қабулхонасига юборилган)

Мурожаат рақами 25102-r/18
Текшириш коди 44a1ed3e02 (Олий суд раиси
виртуал қабулхонасига юборилган)