31 July 2018
22:56 - Бечора Ўзбекистон: Интернет тезлиги бўйича ҳам дунё мамлакатлари рейтингида охирги ўринлардан биридамиз, аммо ҳаммага тупириб яшайверамиз

Kun.uz сайти хабар қилишича, Британиянинг Cable сайти кенг полосали интернет тезлиги бўйича дунё мамлакатлари рейтингини тузиб чиқибди. Рўйхатда биринчи ўринни Сингапур эгаллаган. Бу мамлакатда интернет тезлиги секундига 60 мегабитни ташкил қилади.

Cable сайти мутахассислари 12 ой давомида 200та мамлакат бўйича маълумот тўплашган. Бунда, мамлакатда мавжуд бўлган интернетнинг ўртача тезлигида HD сифатли ва 5Гб ўлчамга эга видеони юклаб олишга қанча вақт сарфланиши ҳисоблаб кўрилган. Хусусан Сингапурда бу кўрсаткич 11 дақиқани ташкил қилган.

Рейтингда иккинчи ва учинчи ўринни Швеция ва Дания эгаллади. Бу мамлакатларда интернет тезлиги мос равишда 46 ва 43 Мб/с.ни ташкил қилади.

Собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичга Латвия эришган - 28 Мб/с. Бу мамлакат дунё рейтингида 13-ўринда боряпти.

Ўзбекистон рўйхатнинг 184-поғонасидан жой олган. Бизда интернет тезлиги ўртача 1,02 Мб/с, яъни HD сифатдаги ва 5Гб ўлчамга эга видеони юклаб олиш учун 11 соатдан ортиқ вақт сарфланади.

Биз учун қизиқ бўлган баъзи мамлакатларнинг қуйидаги ўринларда:

Россия – 47 (13 Мб/с)
Қозоғистон – 95 (4,4 Мб/с)
Қирғизистон – 163 (1,52 Мб/с)
Тожикистон – 188 (0,94 Мб/с)

Аҳволимиз, ҳамма нарсада бўлгани каби, Интернет тезлиги масаласида ҳам ғариб эканлигидан тушкунликка тушиш керакмас, дейди "Ҳаракат"нинг мухбири. Бечора президентимиз Шавкат Мирзиёнинг ҳамма муаммолар билан шуғулланишга вақти етишмаяпти. Мана, у деҳқонларга тутзорларни кенгайтириш ва аччиқ гармдори экиш ҳақида, кўприк қурувчиларга кўприкларни сифатли қуриш ҳақида, чет элдаги элчиларимизга чет элдан инвестиция олиб келиш ҳақида топшириқлар бермоқда, ўша соҳаларада ишлар олға кетмоқда.

Умид қиламизки, Шавкат Мирзиё Интернет тезлиги масаласига ҳам етиб келади ва Интернетнинг тезлиги бўйича ҳатто қозоқлардан 4 баравар орқадалигимиз йўқ қилинади. Аммо, минг афсуски, Шавкат Мирзиё, бошқа ишлари кўп бўлгани сабабли, аҳолининг ўртача ойлиги бўйича қозоқлардан 10 баравар орқадалигимиз билан шуғулланишга вақт тополмайдиганга ўхшайди. Демак, мардикор халқ бўлиб қолавермиз. Лекин, аччиқ гармдориларимиз, сифатли кўприкларимиз, тез ишлайдиган Интерентимиз борлигидан хурсанд бўлиб ва ҳаммага тупириб яшайверамиз.

Чунки, биз бошқалардан фарқлимиз, ўзига бек Ўзбекмиз:

Қуёш чиқди, ботади ҳам албатта,
Нонушта бор, ош ейиш бор навбатда,
Бўш қолмаймиз иккисининг орасида,
Ўтирамиз кучаниб ҳожатхона бошида.

Бизга бошқа нима керак?
Ўзига бек ўзбекмиз!
Юраверсин бошқалар
Бош ишлатиб ҳар ерда.