26 June 2009
02:41 - Эронда ҳали тинчлик бўлмайдиганга ўхшайди

Бугун Эронда митинг-намойишлар бўлмади. Аммо, президент сайловида ғалаба қозонгани эълон қилинган Маҳмуд Аҳмединажоднинг асосий рақиби Мирҳусайин Мусави ҳали таслим бўлмоқчи эмас. У Интернет орқали тарқатган баёнотида сайлов натижаларини бекор қилдириш учун курашини давом эттиражагини билдирган, аммо у қайси йўл билан курашиши номаълум. Чунки, бу мамлакат қонунларига кўра, бугун сайлов натижалари бўйича Конституция Қўриқчилари Кенгашига ариза бериш мумкин бўлган охирги кундир. Қўриқчилар Кенгаши эса, сайлов энг адолатли шаклда ўтказилганини эълон қилиб бўлди.

 

Шундай бўлса ҳам, Эронда ички кураш давом этиши мумкин. Бунинг энг ёрқин далили – Маҳмуд Аҳмединажод ўз ғалабасини қутлаш учун ўтказган тантанали қабул маросимига мамлакат парламенти - Мажлиснинг раиси Али Ларижони ва 100 нафар мухофазакор депутат қатнашмади.

 

Балки, Мирҳусайин Мусави бу депутатлар билан биргаликда Маҳмуд Аҳмединажодга қарши кураш олиб бормоқчидир? Балки...