07 February 2018
19:26 - АҚШ элчихонаси журналист Дилмурод Саййиднинг озодлигини олқишлади. Асл ҳақиқат қанақа?

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси “Эзгулик” фаоли ва журналист Дилмурод Саййиднинг озод қилинишини ўз баёноти билан олқишлади. “Америка Қўшма Штатлари 2009 йилда порахўрлик ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саидовнинг озод қилинишини олқишлайди. Дилмурод Сайидов доим айбсизлигини таъкидлаб келган. 2016 йил сентябрида президентлик лавозимига келганидан бери ўнлаб виждон тутқунлари озод этилгани учун Президент Мирзиёевни қутлаймиз”, дейилади элчихона баёнотида.

АҚШ элчихонаси баёнотида президент Шавкат Мирзиё қонун устуворлиги соҳасини ислоҳ қилиш учун муҳим қадамлар қўйгани таъкидланади. Шунингдек, элчихона Ўзбекистон ҳукуматини бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам озод этишга чақирган.

АҚШ элчихонаси “Дилмурод Сайидов доим айбсизлигини таъкидлаб келган” деб гапириши олқишга сазовор, дейди мухбиримиз. Аммо, бундан ҳам муҳим бўлгани, Дилмурод Саййид айбсиз эканлигини кўрсатувчи, рад этиб бўлмайдиган далиллар бор-йўқлигида. Ҳозирча, бунақа нарса борлигини ҳеч ким эътироф этмаяпти. Демак, Дилмурод Саййид масаласи ҳали очиқ қолмоқда. Агарда Дилмурод Саййиднинг жазога тортилиши ноқонуний эканлигини исботловчи ишончли далиллар кўрсатилмаса, бу журналистнинг исми тарихда қора доғ билан қолади.