25 December 2017
20:33 - Ўзбек-турк қўшма корхоналари иш бошлайди, аммо биз тарафдан фақат давлат корхоналари ишласа, фойда Туркияга кетади

Бугун Туркия Савдо Палаталари ва Товар Биржалари Уюшмасининг президенти раҳбарлигида Туркия Республикаси ишбилармон доиралари делегацияси Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон Савдо-Саноат Палатасида ўтказилган Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми доирасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича комплексларни қуриш, тўқимачилик ва чарм-қайта ишлаш саноатида замонавий қўшма корхоналарни ташкил этиш сингари масаларни ўрганиб, қўшма корхоналар тузишга қарор беришди.

Расмий маълумотга кўра, 2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси 1,2 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида ўзаро савдо айланмаси хажми 29%га ўсди. Ҳозирда Ўзбекистонда 500 га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият юритади.

Табиий, бу яхши хабар. Аммо, тахмин қилиш мумкинки, қўшма корхоналарда Ўзбекистон тарафидан фақат давлат корхоналари ишласа керак. Давлат корхоналари коррупция ботқоғида экан, фойда фақат Туркияга кетади. Шавкат Мирзиёдан бу соҳада буюк ислоҳотлар бошлаш ва катта хусусий корхоналар очилиши йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашни талаб қилиш керак.