Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё 2017−2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади, дейилади gazeta.uz cафтининг хабарида. Хабар президентнинг матбуот хизматига асосланиб берилган.
Ушбу дастур билан тасдиқланган инвестицион лойиҳалар рўйхатида табиий сув ҳавзалари ва сув хўжалиги объектларида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзбекэнерго” компанияси тизимида фаолият кўрсатиб келаётган 32 та гидроэлектр станциясини модернизация қилиш ва 42 та янгисини қуриш кўзда тутилганмиш. Қарорда республикада гидроэнергетикани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳам белгилаб берилибди.
“Ҳаракат”нинг ҳам хабарларидан маълумки, Ўзбекистонда жуда кўп минтақаларда электр энергияси етишмаслиги кузатилмоқда, кўп жойларда электр бир кунда бир неча соатгагина берилади. Шундай пайтда гидроэнергетикада катта ишлар қилиш нияти қувончли воқеа эмасми? 5 йилда 42 та (!!!) янги ГЭС қурилиши оламшумул воқеа эмасми? Айнан шундай.
Аммо, хабаримизнинг сарлавҳасидаги “Навбатдаги буюк лойиҳа” сўзларида истеҳзо борлигини ўқувчиларимиз сезишаётгандир. Сезаётганлардан илтимос қиламиз, бизни тўғри тушунинг, янги ҳокимиятнинг ҳар ишидан “тирноқ остида кир қидришдек”, камчиликлар қидираётганимиз йўқ.
Бизнинг диққатимизни ўзига тортаётган нарса, ҳамма нарса давлатнинг қўлида эканлиги, ҳамма нарсани давлатнинг ўзи қилаётганидир, кучи етмаётган жойда чет эллик инвесторларни чақираётгани, ўзимида, яъни аҳолиси 30 миллионда ошган Ўзбекистонда биронта кўзга кўринадиган йирик инвестор йўқлиги. Бу - айнан коммунистик тузумнинг аломатику. СССРда ҳам “ҳозирги авлод коммунизмда яшайди” деган шиор остида ҳамма нарсани давлатнинг ўзи қиларди. Натижада, коммунистик СССР ўлди.
СССРнинг йўли мутлақо хато эканлигини, бозор иқтисодига ўтиш ва ҳамма соҳада хусусий тадбиркорликка йўл беришгина самарали бўлишини Ўзбекистон раҳбарларига қандай қилиб етказиш керак? Бунинг учун мустақил партиялар ва мустақил оммавий ахборот воситалари яратилиши йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиши шарт. Ҳукуматдан мустақил партиялар ва мустақил оммавий ахборот воситалари ҳукуматнинг янглишликларини кўрсатиб, уни тўғри йўл қидиришга мажбур қиладилар ёки ўзлари янги йўллар таклиф қиладилар. Акс ҳолда, ҳар куни эълон қилинаётган бундай “буюк лойиҳалардан” сезиларли фойда чиқмаслиги СССРнинг тарихидан маълум.