03 October 2016
22:15 - Чимкентда Эрон маҳсулотлари кўргазмаси очилди, Чимкент-Машҳад авиайўли очилиши мумкин
Бугун Эроннинг Хоросон вилояти тадбиркорлари ўз маҳсулотларини намойиш қилиш учун Чимкентда 3 кунлик кўргазма очганлари қозоқ ахборот воситаларида хабар қилинди.

Кўргазмада асосан тўқимачилик ва озиқ овқат саноати маҳсулотлари билан бир қаторда қурилиш материаллари ҳам борлиги айтилмоқда. Кўргазмага келганлар озиқ-овқат маҳсулотларини шу ердаёқ тотиб кўришлари мумкин.

Қозоқларнинг хабарларида Эрон ва Қозоғистон ўртасида савдо ҳажми 700 млн доллар эканлиги айтилади. Бу, аслида, айтишга ҳам арзимадиган рақам, дейди мухбиримиз, аммо шу каби кўргазмалар воситасида савдо ҳажмини кўпайтириш режалари олқишга сазовордир.

Кўргазмада қатнашиш учун келган Хоросон тадбиркорлари Чимкент билан алоқаларни янада юксакроқ даражага олиб чиқишни гапиришар экан, Чимкент билан Хоросаннинг маркази бўлган Машҳад шаҳри ўртасида авиа йўл очиш кераклигини таклиф қилишмоқда.