16 September 2016
18:47 - Ҳозирча Ўзбекистон президентлигига икки номзод номи аниқ бўлди – Шавкат Мирзиё ва Сарвар Отамурод
Ўзбекистон Тадбиркорлар ва Ишбилармондар Ҳаракати - Ўзбекистон Либерал Демократик Партияси ҳозир президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёни, "Миллий Тикланиш" Демократик Партияси эса, ўз лидери Сарвар Отамуродни (расмда) президентликка номзод қилиб кўрсатди. Улар шу йилнинг 30 сентябрь куни Марказий Сайлов Комиссияси томонидан расмийлаштирилса керак.

Шавкат Мирзиё ҳақида интернет тармоғида маълумотлар етарли, дейди мухбиримиз. Аммо иккинчи номзод Сарвар Отамуродга келсак, 43 яшар бу одам Тошкентда туғилган, ўзбек. 1995 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети), 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-Молия Академияси, 2003 йилда эса - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқаруви Академиясини тамомлаган. Социалогия фанлари номзоди. "Миллий тикланиш" Ўзбекистон Демократик Партияси (ЎДП) Марказий Кенгаши раиси. У ҳозир парламент спикерининг ўринбосари лавозимида ҳам ўтирибди.

Ўз-ўзидан маълумки, Сарвар Отамурод Ўзбекистонда гўёки демократия борлигини дунёга кўрсатиш мақсадида қўғирчоқ номзод қилиб кўрсатилган. Шавкат Мирзиё ўзига битта қўғирчоқ рақиб танладими ёки бошқалари ҳам бўладими? Буни ҳали унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмаса керак.