15 April 2016
09:41 - Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Истанбулдаги саммити зиёфат билан бошланиб, зиёфат билан битди, Ислом дунёсининг аянчли аҳволи билан жиддий шуғуллангани ҳам йўқ
Дунёдаги жуда кўп халқаро ташкилотларнинг саммитлари, ўзбеклар “бола баҳона, дийдор ғанимат” деганларидек, турли мамлакатларнинг лидерлари ўзаро муносабатларига оид масалаларни гаплашиб оладиган тадбирларга айланиб кетганини аввал ҳам кўп марта айтгандик. Кеча Истанбулда ўтказилган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг XIII саммитида ҳам шундай бўлди.

Ташкилот аъзоси ва кузатувчиси бўлган давлатларнинг баъзи лидерлари 12-чи, мутлақо кўпчилиги 13 апрелда Истанбулга келиб, ўзаро учрашувлар ўтказдилар. Ўша куни кечқурун Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон меҳмонларга Саварона яхтасида зиёфат берди.

Саммитнинг ўзи расман кеча бошланди ва кечқурун Эрдўғоннинг Дўлмабоғча саройида берган зиёфати билан тугади.

Туркия ахборот воситалари, давлатнинг расмий Анадолу агентлигидан ташқари, бу саммитга ортиқча эътибор ҳам берганлари йўқ.

ИҲТда 55 аъзо ва 5 кузатувчи давлат бор. Истанбулдаги саммитга бор-йўғи 21 давлатнинг президенти, 5-6 давлатнинг бош вазири ва қолган давлатларнинг 2-чи ва 3-чи даражали мулозимлари қатнашди. Ўзбекистондан ким келгани ҳеч бир ерда тилга ҳам олинмади. Аммо, кузатувчи давлатлар орасида Белорусия борлиги ва кечаги саммитга унинг президенти Александр Лукашенко келгани тушуниб бўлмайдиган даражада ўта қизиқдир.

Яна бир воқеа диққатга сазовор. ИҲТда раислик қилиб келаётган Мисрнинг ташқи ишлар вазири саммит очилишида ўз президенти Абдул-Фаттоҳ ас-Сиси номидан қисқа нутқ сўзлаб, раисликни Туркияга топширди ва ўша заҳоти саммитни тарк этиб, мамлакатига қайтиб кетди. Яъни, Миср феълан саммитда қатнашмади. Бунинг сабаби ҳаммага маълум. Мисрдаги Мусулмон-Қардошлар Партиясининг вакили Муҳаммад Мурсий қисқа вақт президент бўлиб, кейин ҳарбийлар томонидан тўнтарилгани ва ўлимга маҳкум қилингани Ражаб Эрдўғон ҳукумати тарафидан қаттиқ танқид қилинган эди.

Бу саммитга “Адолат ва Тинчлик учун Бирлик ва Бирдамлик” номи берилганининг ҳеч қандай аҳамияти ҳам бўлмаганга ўхшайди. Чунки, саммит қатнашчилари ўта тарқоқ ислом дунёсида бирлик ва бирдамлик яратиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида биронта пичоққа илинадиган фикр билдирсалар биронта журналист буни эълон қилган бўларди.

Тўғри, Ражаб Эрдўғон саммитнинг очилишидаги нутқида Ислом дунёсининг муаммоларни чизиб беришга ҳаракат қилган. Мана унинг нутқидан бир парча: “Дунёнинг тўрт тарафида қурбонларнинг ва эзилганларнинг фарёдлари юксалмоқда. Ўлимга маҳкум бўлганларнинг юракларни парчалайдиган бақириқлари эшитилмоқда. Минг афсуски, бу фарёд ва кўринишлар кўпроқ мусулмонларга оиддир. Ислом дунёси юзини бу саммитга буриб, бу ердан чиқадиган гўзал хабарларни кутаётганини кўрмоқдаман, бунга ишонмоқдаман”.

Бу ердаги охирги жумла ҳақиқатдан жуда узоқ. Чунки, бу саммит билан Ислом Дунёсининг иши ҳам бўлаётгани йўқ. Аммо, ҳамма юракларни парчаловчи бақириқлар айнан мусулмонларга оидлиги ҳақиқатдир. Демак, бу аҳволни тузатиш, касалликни даволаш устида ишлаш керак.

Аҳволни тузатиш, касалликни даволаш учун авваламбор бу аҳволнинг сабаблари аниқланиши, касалликка диагноз қўйилиши керак. Бусиз на аҳволни тузатиб бўлади, на касалликни даволаб бўлади.

Табиий, Ислом Дунёси бундай нарсаларга, яъни ўзининг аянчли аҳволини сабабларини ўрганишга, ўз касаллигига диагноз қўйишга ва ўз аҳволини яхшилаш, ўз касаллигини даволашга қодир эмас.

“Бирлик” Партияси лидери Абдурҳам Пўлатга кўра, Ислом Дунёсининг бугунги аянчли аҳволи, қолоқ ва қашшоқлигининг сабаби – Ислом динида Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиқувчи тушунчалар ҳукмронлик қилаётганида, давлат исломий бўлиши ва шариат қонунлари билан яшаши кераклиги ҳақидаги фикрдан расман воз кечмаётганида.

Бу тушунча ва фикрлар бекор қилинмагунча Ислом Дунёсида демократия бўлолмайди, демократиясиз ривожланиш бўлмайди.

Демак, Ислом Дунёси ҳозирги аҳволидан чиқиш учун Ислом дини ўзида фундаментал ислоҳотлар ўтказиши, биринчи навбатда, дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши шарт.