09 April 2016
17:46 - Барак Обама ниҳоят сайловолди кампаниясига қўшилди ва республикачиларнинг шанси ортиб бораётган номзоди Доналд Трампга ёпишди

АҚШ Президенти охирги ойларда бир неча марта бу йил 8 ноябрда бўладиган президент сайловлари олдидан бошланган сайловолди кампаниясида кимнингдир тарафдори бўлмаслигини гапирганди. Аммо, кеча Конгресснинг қуйи палатаси бўлмиш Вакиллар Уйида Демократик Партиянинг озчликни ташкил қулувчи фракцияси лидери Ненси Пелози ўз тарафдорларидан хайрия тўплаш мақсадида ўтказган йиллик зиёфат маросимида нутқ сўзлаган Барак Обама республикачиларнинг президентликка номзодларига ёпишиб, аввалги ваъдасини бузди.

Бу табиий нарса, чунки, Барак Обама демократ партия вакили, демак, ўз партияси номзодларининг рақибларига “ёпишиши” табиийдир. У республикачи номзодларнинг муҳожирлар ва давлат хавфсизлиги оид баёнотлари ўта кескин эканлигини танқид қилиб, Доналд Трамп республикачилар йиллардан бери айтиб келаётган гапларни очиб қўйганини уруғулади.

АҚШ Президенти Доналд Трампга қарши очиқча чиқишга бошлаганининг сабаби бор. Охирги экзит-полл, яъни сўровнома натижаларига кўра, республикачилар ичида Доналд Трамп ўз партияларининг президентликка номзоди бўлишини истаётганлар 42 фоиз экан. Иккинчи ва учинчи ўриндаги Тед Круз ва Жон Касич тарафдори бўлганлар 32 ва 20 фоиз. Яъни, “Ҳаракат” аввалдан айтиб келаётгандек, республикачиларнинг президентиликка номзоди Доналд Трамп бўлиши аниқлашиб бормоқда.

Барак Обама ўз нутқида, республикачиларнинг кескинлиги демократларнинг фойдасига ишлашини ҳам айтибди. Худди шунга ўхшаб айтиш мумкинки, америкаликлар ичида рейтинги тушиб бораётган президентнинг республикачиларга ёпишиши, айнан, республикачиларнинг фойдасига ишлаши мумкин.

Жойи келгани учун айтиш керакки, Демократик партия тарафдорларининг 53 фоизи ўз номзодлари Ҳиллари Клинтон бўлишини истайди. Берни Сандерс таарфдорлари 43 фоиз экан.