23 October 2015
11:07 -
“ЭЗГУЛИК”: ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА ДЕМОКРАТИЯ МАСАЛАСИ ЁПИҚ ЭШИКЛАР ОРТИДА ГАПЛАШИЛИШИ МУМКИН ЭМАС! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №36, 23.10.2014)

“Мен учрашув қурол-яроғ, хуфя битимлар, жамоатчиликда турли тушунмовчиликлар келтириб чиқарадиган масала бўлса, унинг ёпиқ эшиклар ортида ўтишини тушунган бўлардим. Аммо масала демократия ва инсон ҳуқуқлари мавзуида борса, буни нега ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилиш керак? Ҳукумат, расмийлар билан очиқ сўзлаша туриб, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувларни нега пинҳона тутиш лозим? Агар масала фуқаролик жамияти вакиларининг хавфсизлиги хусусида борса, Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай учрашувларни махсус тартибда кузатиш имконига эгалигини ҳисобга олиш зарурмасми? Ёки “ёпиқ эшиклар ортида”ги учрашувлар ўзига хос иккиюзламачиликми?” дейди Васила Иноятова.
1999 йилда Истанбул шаҳрида ўтган ва тарихда ЕХҲТнинг “минг йиллик саммит” дея ном олган анжуманида бир халқаро резолюция қабул қилинган. Резолюция моҳиятига кўра, айнан инсон ҳуқуқлари масаласи мамлакатларнинг ички иши эмас. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари масаласи халқаро даражада муҳокама ва аралашувларга асос экан, нега уни “ёпиқ эшиклар” ортида ўтказиш керак? Ҳар қандай ёпиқ мулоқот ва жамоатчилик хабардор бўлмаган анжуманлар позиция заифлигига олиб келмайдими ёки унинг ҳаққонийлигига шубҳа туғдирмайдими?
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти жамоатчиликка маълум қиладики, жамиятнинг ҳар бир чиқиши, унинг учрашув ва анжуманлари очиқ-ошкора, мулоқотлари ҳақида доимий ахборотлар тақдим этиб борилади. Жамиятимиз мақсад ва воситаларидан қатъий назар ҳеч қачон ёпиқ эшиклар ортидаги мулоқот ва мунозараларда иштирок этмайди. Шунингдек, инон ҳуқуқлари ва демократия масалаларидаги “ёпиқ эшиклар”ни шубҳали ва иккиюзламачилик деб ҳисоблайди.