Туркия ўз ҳудудларидаги авибазаларидан Ироқ ва Суриядаги ИШИД базаларини бомблаш учун АҚШ раҳбарлигидаги ҳарбий коалицияга фойдаланишга рухсат бергани ИШИДнинг ғазабини келдирганини тушуниш мумкин. ИШИД Туркия Президенти Ражаб Эрдўғонни ҳақорат қилиш мақсадида “шайтон” ва “сотқин” сўзларини ишлатгани ҳам тушунарлидир. Бундан ташқари, ИШИД террористлари Туркия мусулмонларини мавжуд ҳукуматга қарши чиқишга ҳам чақирмоқдалар.
Аммо, ИШИД булар билан ҳам чекланмасдан, Истанбулни босиб олиш ҳақида таҳдидлар қилаётгани масхарабозликдан бошқа нарса эмас.
ИШИД эртами кеч Ғарб тарафидан йўқ қилинади. Аммо, унинг ўрнига бошқалари чиқаверади. Ислом терроризмининг илдизлари Қуръоннинг хато тафсирида эканлигини ҳисобга олсак, Исломда ислоҳотлар ўтказилиб, ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, ислом тероризми битмайди. Туркия Ғарбдан узоқлашиш сиёсатини ўзгартирмаса, унинг ўз ичидан ИШИД каби ташкилотлар чиқиши муқаррар.