12 June 2015
17:39 - Туркияниннг боши дардда, аммо демократия йўлида. Турк Дунёсига дарс бўлсин!

Якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси 550 ўринлик Олий Мажлисда 258 ўрин олиб биринчи бўлган бўлса ҳам, якка ўзи ҳукумат қуриш имкониятини йўқотган эди. Бу, аслида, мағлубиятга учраш, тўғрироғи, халқ тарафидан мағлубиятга учратилиш эди, демократиянинг ғалабаси эди.

Демак, энди қандайдир коалиция тузилиши ёки қайта сайлов ўтказиш керак. Парламентга кирган 4 партия ҳалигача бевосита мулоқатга кирмадилар. Аммо, ахборот воситаларида уруш деса бўладиган бир-бирларига ташланишни бошлаб юбордилар. Курдларнинг ХДПси АТП билан коалицияга бормаслиги аниқ эканлигини гапирса, ЖХП ва МХП маълум шартлар остида коалиция қуришлари мумкинлигини билдирмоқдалар. Масалан, янги парламентда 80 ўринга эга бўладиган МХПнинг асосий талаби – Ражаб Эрдўғон демократияни топташни тўхтатиб, Туркияда рамзий деб ҳисобланадиган президент вазифасини бажариш билан шуғулланишга қайтиши керак. 132 ўринли ЖХПнинг талаби эса – Бош вазир айнан ЖХПлик бўлиши керак.

Ўтган куни ҳеч кутилмаганда Ражаб Эрдўғон бир вақтлар ЖХПнинг раиси бўлган, раислик пайтида ўз партиясидан депутат бўлган бир аёл билан яланғоч ётганини кўрсатувчи видео Интернетда тарқатилгандан кейин истеъфога кетган, ҳозир яна ЖХПдан депутат бўлиб сайланган Дениз Байкал билан учрашди. Учрашувдан кейин телеэкранлар олдига ҳам чиққан ва хурсандлигини яширолмаётган Дениз Байкал умумий гаплар билан чекланган бўлса ҳам, ҳеч шубҳасиз, Эрдўғон у орқали ЖХПга қандайдир сигналлар юборган.

Ўртада яна бир исм бор. Бу исм - асли АТПлик, аммо Эрдўғондан олдин бир муддат (7 йил) Туркия Президенти бўлган пайтда мамлакат конституцияси талаби билан партиясидан чиққан, президентлиги пайтида бир қатор муҳим масалаларда Эрдўғон билан тўла ҳамфикр эмаслигини кўрсатган Абллоҳ Гулдир. АТП ва ЖХП коалицияси ҳеч бир партияга аъзо бўлмаган ҳолда Бош вазирликка олиб келинадиган Абдуллоҳ Гул раҳбарлигида бўлиши мумкин. Ҳозирги Бош вазир Аҳмад Довудўғли Эрдўғоннинг масхарабоз қўғирчоғи эканлигини ҳисобга олсак, Абдуллоҳ Гул Бош вазир бўлиши боши берк кўчадан чиқиш учун яхши имконят бўлади. Эрдўғон, диктаторлик амбицияларини ташлаб, Президентлик лавозими билан чекланса, бундай коалицияни МХП ҳам дастаклаши мумкин.

Унатмаслик керакки, туркчилик билан иши бўлмаган, тушида ҳам Араб дунёсига кириш ниятида яшайдиган Эрдўғондан фарқли ўлароқ, Абдуллоҳ Гул Турк Дунёсини бирлаштириш йўлида катта ишлар қилиши муқаррар.

Туркиядаги воқелар Турк Дунёси мамлакатлари учун яхши дарс бўлиши керак. Демак, воқеаларни диққат билан кузатиб бориш лозим.