18 September 2008
03:00 -
22:00 - Дунё бозорлари алғов-далғов, бозори йўқ Ўзбекистонда сокинлик 9:30 - Россия кучишлатар тизими Ўзбекистон томoнидан қидирилаётган одамни ушлади - Қорақалпоғистонда икки сиёсий маҳкама 8:30 - Па
22:00 - Дунё бозорлари алғов-далғов, бозори йўқ Ўзбекистонда сокинлик

Табиий, гап капитализмнинг, яна ҳам тўғрироғи, унинг молиявий системасининг мотори бўлмиш қийматли қоғозлар бозори ҳақида кетмоқда.

Охирги ойларда қийматли қоғозлар бозорида нотинчлик ҳукмрон бўлса ҳам, охирги 2-3 кун ичида бўлаётган каби алғов-далғов йўқ эди. Ҳамма нарса АҚШдан бошланди. Бу мамлакатдаги қийматли қоғозлар бозорининг асосий кўрсатгичи ҳисобланадиган Dow Jones индекси 3 кун ичида тахминан 11500 дан 10500 га тушиб кетди. АҚШдаги қийматли қоғозлар (акциялар) нархи ўртача 10 фоизга тушди, дейиш мумкин. Нью-Йоркдаги биржа (қийматли қоғозлар сотиш маркази) паникада бўлмаса ҳам, шунга яқин эди.

АҚШ ҳукумати бу масала билан тўғридан-тўғри шуғулланишга бошлаганига анча бўлган. Ҳатто бугун президент Буш Тинч океанидан келган бўрон натижасида талафот кўрган штатларга бориш режасини ўзгартирди, эртага у халққа иқтисодий бўхрон бўйича мурожаат қилмоқчи. Бугун Dow Jones индексининг тушиши тўхтагандек кўринмоқда.

Русларнинг биржасидаги тушиш шунчалик таҳликали даражага келдики, кеча кечқурун ҳукуматнинг тегишли органлари уни бекитиб қўйдилар. АҚШдаги тушиш тўхтагани сабабли бўлса керак, Россия биржалари эртага (жума куни) қийматли қоғозлар билан савдони қайтадан бошлашлари эълон қилинди.

Европа ва Осиё биржаларида ҳам шу аҳвол. Аммо Ўзбекистон каби бир қатор ўлкаларда тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон. Чунки, бу ерларда бозор иқтисоди ҳали йўқ ҳисоб, демак, биржанинг ўзи йўқ. Ислом Каримнинг “Янги уй қурмасдан эскисини бузма” шиори остида яшаётган Ўзбекистон иқтисодий бўхронларда узоқда турганидан хурсанд бўлаётган калтафахмлар ҳам топилса керак.

Фараз қилинг, бир маҳаллада одамлар ҳамма қулайликларга эга бўлган (газ, сувқувурлари, электр, иситгич ва совутгич системалари билан таъминланган) янги уйларга, кўп қаватли “дом”ларга кўчиб ўтишди. Фақат бир оила эски бостирмада яшашни давом эттирмоқда. Қандайдир офат келди ва газ, сув, электрда муаммолар чиқди. Бу муаммолар ҳамманинг аҳволини ёмонлаштиради, фақат бостирмада яшайдиган одам хурсанд. Чунки, бўлаётган воқеалар унга таъсир қилмайди. У сувнинг бор-йўғлигига қарамасдан ишлайверадиган ҳожатхонасида ўтириб, бошқаларни кулги билан кузатиши табиий.

Янги уй қурмаган ва ва бостирмада ўтиришни давом эттираётган Ўзбекистон ҳам бутун дунёни киноя ва истеҳзо билан кузатишга ҳаққи бор, кузатмоқда ҳам.

9:30 - Россия кучишлатар тизими Ўзбекистон томoнидан қидирилаётган одамни ушлади

Маҳаллий матбуотда тарқатилган хабарга кўра, Россия Федерацияси таркибидаги Удмуртия Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўзбекистонлик қидирувдаги шахс ушланди. Халқаро қидирувга берилган шахс мамлакатимизда бир қанча йирик фирибгарлик ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. Исми-шарифи очиқланмаган амалдор бир неча миллоннни ўзлаштирганлиги, унинг таниқли кишилардан бири эканлиги айтилмоқда.

Удмуртия прокурорлиги тарқатган маълумотда ҳам, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тасдиқлаган хабарларда ҳам унинг шахсига, жиноятига аниқлик киритилмаган. Аммо айрим наманганликлар уни вилоятнинг собиқ ҳокими Тўлқин Жабборов дейишмоқда. Улар тахминини амалдорнинг қариндошлари ўртасида тарқалган узунқулоқ гаплар билан изоҳлашган, дейди мухбиримиз.

Қорақалпоғистонда икки сиёсий маҳкама

Кеча Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё тумани ЖИБ судида ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) билан айбланаётган “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов устидан маҳкамалар давом этди. Суд мажлисида гувоҳлар, холислар, терговчилар сўроқ қилинди. Аъзам Турғуновнинг қийноққа солингани юзасидан унинг адвокатлари томонидан судга тиббий экспертиза тайинлаш борасида илтимоснома киритилди ва суд кутилмаганда илтимосномани қувватлаб, уни қаноатлантирди. Маҳкама унинг натижаси аниқ бўлгунича тўхтатилди.

Аъзам Турғуновни маънавий қўллаш ва унинг адвокатига ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида бу ерга келган “Эзгулик” жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов ва “Бирдамлик” ҳаракати фаоли Дилором Исоқовалар маҳмада иштирок этдилар.

Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судида эса “Озодлик” ва “Америка овози” радиоларининг собиқ мухбири, ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов устидан маҳкама бугун соат 11 да давом эттирилади. Аввал хабар қилганимиздек, жунралист дунёдаги энг анъанавий “усул” билан қўлга олинган, яъни унинг уйидан наркотик модда топилган.

Мазкур маҳкамаларда иштирок этаётган маҳаллий мухбирларимиз орқали маҳкамаларнинг қандай давом этиши хусусида маълумотлар бериб турамиз.

8:30 - Париждага форумнинг нишони - Марказий Осиё

Бугун Парижда “Европа - Марказий Осиё форуми” номли йирик анжуман бошланади. Бу анжуман натижалари қараб, қутбланаётган дунёда Марказий Осиё минтақасида Иттифоқнинг таъсири кучли бўладими, Россиянинг тоши оғирлигича қоладими, деган саволга қисман бўлса ҳам жавоб қидириш мумкин бўлар.

Ўзбекистон расмийлари бу йиғилишга нисбатан ўзларини бироз бепарво тутаётгандек кўринмоқдалар. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чиқаётган хабарларда мажлис кун тартиби бирмунча умумий, совуққина ахборот тарзида ёритилмоқда. Яъни, бу учрашувда хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликка урғу берилади, унда терророзим, гиёҳвандлик, минтақадаги барқарорлик каби масалалар кўрилади, деган фикр уйғотилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг юрак уриши, стратегияси ритмини маҳаллий ахборотлардан тахминлайдиган кузатувчиларга кўра, Ислом Карим ҳозирча Русия режими раҳбарлари билан аҳдида қаътий, ЕИ билан муносабатларда эса эҳтиёткорона йўл тутмоқда, дейди мухбиримиз. Шу боисдан ҳам мамлакатда фақатгина ЕИ билан позициялар ҳақида махсус “рухсатнома”га эга шарҳловчилар гапиришмоқда, мавзу доираси ҳам тор: терроризм, гиёҳвандлик, хавфсизлик!

Шу анжуманда қатнашиш учун Парижга келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов кеча Франция Ташқи ишлар вазири ўринбосари Жан Пьер Жу билан учрашди. Франция ҳозир Европа Иттифоқида раислик вазифасини бажараётгани ва келаётган ойда ЕИ ўзининг Ўзбекистон билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга тайёрланаётганини ҳисобга олсак, Париждаги бугун бўладиган анжуман ва кечаги учрашув мамлакатимиз учун қанчалик муҳимлигини тушунамиз.