08 February 2014
14:13 - Сурияда урушаётган ва ўлаётган қирғизистонлик жангарилар ўзбекларми? (Бироз тузатилган вариант)

Қирғизистонинг Миллий Хавфсизлик Давлат Комитети Суриядаги ҳрабий амалиётларда 5 нафар ватандошларининг ҳалок бўлганини расман тасдиқлади. Уларнинг ҳаммаси бу мамлакатнинг жанубий минтақаларидан экан. Ҳозир Сурияда ноқонуний қуролли кучлар таркибида 50 га яқин қирғизистонлик борлиги ҳам аниқланган эмиш.

2013 йилнинг май ойида қариндош–уруғларини ва бошқа имкониятларни ишлатиб, 2 киши Суриядан қайтариб олиб келинган экан. Шу йилнинг январида эса Чуй вилоятида халқаро террористик ташкилотларнинг 2 жангариси ушланибди. Улар Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтишган ва янги жангарилар топиб, Сурияга жўнатиш мақсадида Қирғизистонга қайтишган экан. Оператив-текширувларда уларнинг қуроллари, хусусан, Калашников автомати, тўппончалар, қирқилган милтиқлар ва ўқлар топилган.

Тахмин қилиш қийин эмаски, Сурияга бориб Башар Асад ҳукуматининг қуролли кучларига қарши урушаётган қирғизистонликлар ислом жангариларидир. Демак, улар ёки уларнинг кўпчилиги ўзбеклар эканлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Янги жангарилар ёллаш учун келганларнинг қурол-аслаҳалари ҳам бор эканлигидан тушуниш мумкинки, улар янги жангариларни шу ердаёқ ўқитишмоқчи бўлишган, балки, шу ернинг ўзида жанг қиладиган гуруҳлар тузишмоқчи бўлишган.