20 January 2014
22:32 - Британия элчихонаси қўриқчисига АҚШ бошпана берди
Буюк Британия фойдасига жосусликда гумонланиб, қийноқларга солинган собиқ ҳарбий Қаюм Ортиқов ҳақида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти кўп марта ёзган ва унинг озод қилиниши шубҳасиз жамият номи билан боғлиқдир. Аммо Ортиқов озод қилингач ҳам уни тинч қўйишмади ва у бола-чақаси билан Украинага кетди. БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Комиссарлиги Ортиқовлар оиласига ҳадеганда бошпана топиб беролмади.

Матбуотда кўп марта номи тилга олинган, ҳатто унинг воқеаси бўйича Британия Парламенти изоҳ берганига қарамай оила 2 йилча Киевда қолди ва ниҳоят уларга АҚШ ҳукумати Пенсилвания штатидан бошпана берди. Бу борада “Ҳаракат” мухбири Қаюм билан сўзлашиб, уни бошқа тақдирдошлари каби юрт дарди ва демократияга бефарқ бўлмасликка ундади.

Эслатиб ўтамиз, Қаюм Ортиқов Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида 5 йил қоровул бўлиб ишлаган. Аввалига уни Британияга жосусликда айблашган, тузукроқ далил топишолмагач, уни одам савдоси билан 6 йиллик қамоққа ҳукм қилгандилар.