04 January 2014
18:50 - Туркияда сиёсий зилзила – исломчилар ҳукумати кенг кўламли коррупция билан қўлга тушди

“Ҳаракат” Ахборот Агантлигининг фаолияти ярим йил аввал тўхтатиб қўйилгани сабабли, биз ўзбеклар учун муҳим бўлган Туркиядаги дунёнинг эътиборига тушган сиёсий зилзила каби воқеаларни ёритолмадик. Бугун шундай воқеаларнинг асосийси билан ўвуқчиларимизни таништиришга бошлаймиз.

Ҳамма нарса 2013 йилнинг 17 декабрь куни бошланди.

Айнан шу куни Истанбул прокуратураси ва хавфсизлик хизмати маълум бир муддатдан бери “коррупцияга қарши” деб ном олган яширин текширув олиб боргани ва 17 декабрга ўтар кечаси оперция ўтказиб, бир қатор одамларнинг уйлари, бир қатор муассаса ва корхоналарда тинтув ўтказиб, 50 дан ортиқ кишини коруппция ва порахўрлик билан боғлиқ айблар билан қўлга олинганини эълон қилди.

Қизиғи, бу текширувлар ва операция ҳақида юқори инстанцияларнинг хабари бўлмаган. Қўлга олинганларнинг ичида икки Туркия вазирининг (улардан бири Ички ишлар вазири) ўғиллари, давлатга тегишли “Халқбанк”нинг раҳбари, Истанбул шаҳаридаги туманлардан бирининг ҳокими ҳам бор. Вазирларнинг ўғиллари ва “Халқбанк”нинг раҳбарини уйларида пойафзал қутиларида сақланаётган бир неча миллионлаб евро ва долларлар топилибди.

Бунақа кенг кўламли ва жанжалли воқеа шу пайтгача фақат Туркияда эмас, бутун дунёда бўлмаган бўлса керак.

Хуллас, шундай қилиб исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) 10 йилчадан бери бошқариб келаётган Туркияда ўта кучли сиёсий зилзила бошланди ва ҳали ҳам давом этмоқда.

Табиий, ўша куниёқ Туркия Бош вазири, айни замонда АТП лидери Ражаб Эрдўғон (расмда), унинг ҳам ҳукуматдаги, ҳам партиядаги ўринбосарлари, ўғиллари қўлга тушган вазирлар, мухолифат лидерлари ва мутбуот тилга кирди.

Ражаб Эрдўғон, ўзимизнинг Ислом Каримдан ўрганиб бўлса керак, дарҳол юрт ташқарисидаги учинчи кучларга имо қилиб, Туркиянинг борган сари юксалиб бораётганини кўролмаётганлар бу ишга раҳбарлик қилаётганини гапирса, вазирлар ўз ўғилларнинг уйидан чиққан миллион-миллион доллар ва евролар “пешона териси” билан топилган пул эканлигини исботлашга уринишди.

Ўша куниёқ яширин текширув ўтказган прокурорлар ишдан четлатилди, аммо қамалганлар устидан жараёнлар давом этмоқда. Уларни тўхтатишга Эрдўғон жазм этолмади. Чунки, на Эрдўғон ва на унинг хизматкорлари ўзларини шунча даллилларни кўрмасликка солиб, “учинчи куч” ҳақида бақирашаётгани устидан мухолифат ва ҳақиқий мустақил хабар воситалари қандай кулганларини гапириб ўтириш ҳам ортиқча.

Тезда бу воқеанинг парда орқасидаги тарафлари ўртага чиқабошлади. Яширин текширувлар ўтказган ва коррупционер ўғриларни қўлга туширган гуруҳ - ҳозир АҚШда яшайдиган собиқ имом Фатҳулла Гуленнинг массонларда ўрнак олиб қурилган ярим яширин Жамоасининг одамларидан иборат экан. Дунё бўйича мавқеси кучайиб бораётган бу исломчи Жамоа шу пайтгача АТП ва унинг лидери Ражаб Эрдўғонни қўллаб-қувватлаб келарди, унинг аъзолари Эрдоғон яратган ҳокимиятнинг ҳамма поғаналарида ер олганлари ҳам ҳаммага маълум эди.

Кўринишидан, бу икки исломий гуруҳ – АТП ва Жамоа ичида ажралиш жараёни бошланган. Тахмин қилиш қийин эмаски, Жамоа ҳокимиятни қўлга олиш учун ҳаракат бошлаган. Бу Жамоани Туркияда АТП раҳбарлигида демократиянинг секин-аста ўлдирилиши ва бунга мос равишда коррупциянинг кучайиб бориши қизиқтирганига ишониш қийин. Яна тахмин қилиш керакки, улар Туркияни исломлаштириш секин кетаётганидан норози бўлишган.

Эрдўғон ва унинг одамлари давлат ичида яширин давлат қурган Жамоадан қўрқмасликларини, давлат ичида давлат қурилишига йўл бермасликларини, бу давлатни, демак, Жамоани ҳам йўқ қилишга қурблари етишини гапирсалар ҳам, Туркиядаги бу сиёсий зилзила осонликча битмаслигини ҳамма тушунади.

Ҳеч шубҳасиз, АТПнинг обрўси тиклаб бўлмайдиган даражадаги зарбага учради. Ўзларини топ-тоза исломчилар қилиб кўрсатишга уринаётганлар - оддий ўғрилар эканлиги очиқча кўринди. Ражаб Эрдўғоннинг ўғли ва қизи ҳам коррупцион занжирлар ичида эканликлари ҳақида маълумотлар матбуотда тарқатилди.

Дунёвийлик тарафдори бўлган ҳозирги мухолифат партиялари – сўлчи Жумҳурият Халқ Партияси ва Миллиётчи Халқ Партияси узоқ замонлардан бери феълан ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб келган армияга орқа қилиб келганлари учун, жиддий сиёсат олиб бориш анъаналарига эга эмаслар, АТПга қарши куч бўлолмаяптилар.

Бундай шароитда, кўзлар яна армияга қаратилмоқда. Маълумки, АТП ҳокимиятга келгандан кейин, армия раҳбариятини ҳам анчагина нейтраллаштириб қўйди. Бу демократияга уйғун нарса, аммо оддий аҳолининг кўпчлиги ҳали ҳам жоҳил мусулмонлардан иборат бўлгани сабабли, армиянинг сиёсий саҳнадан чекилиши исломчиларнинг фойдасига бўлмоқда.

АТП суд системасини ҳам ўз қўлига ўтказиб олгандан кейин, гўёки АТП ҳукуматини йиқитиш учун тузилган қандайдир гуруҳлар устидан 5-6 йил аввал бир қатор жиноий ишлар қўзғатилган эди.

“Эргенекон” номи билан танилган энг катта иш ҳақида “Ҳаракат” Агентлиги ўз вақтида мунтазам хабар бериб борган. Эслатиб ўтамиз, ўша иш доирасида юздан ортиқ одам айбланиб, қамоққа ташланди, уларнинг ичида хизматда ёки истеъфода бўлган генерал ва адмираллар ҳам бўлиб, масалан, Туркия Қуролли Кучлари Бош штабининг собиқ қўмондони умр бўйи қамоққа маҳкум қилинганди.

Шу кунларда Ражаб Эрдўғон ва унинг одамлари Туркияда суд системаси ҳам маълум маънода Жамоанинг қўлига ўтиб кетаётгани ҳақида бонг ураётганларидан фойдаланиб бўлса керак, Туркия Қуролли Кучларининг қўмондонлиги номидан “Эргенекон” доирасидаги ишларни қайта кўриб чиқиш феълан талаб қилинди. Яна тахмин қилиш мумкинки, бу талаб бажарилади.

Шундай кейин ҳокимият яна феълан армия қўлига ўтадими, ёки исломчилар ҳокимияти давом этадими, ёки бошқача сценарийлар ўртага чиқадими, деган саволларга жавоб бериш қийин эмас, ҳозирча мумкин бўлмаса керак. Нима бўлса ҳам, Туркия катта ўзгаришлар арафасида.

Туркиядаги воқелар ўзбекларни жиддий шаклда ва яқиндан қизиқтириши керак. Муҳим бўлгани, улардан сабоқ олишимиз лозим.