03 June 2013
19:57 - “Бирлик”нинг айтгани бўлди, Ўзбекистон МДҲ Эркин Савдо Ҳудудига қўшилди
Минскда ўтган МДҲга аъзо мамлакатлар ҳукумат раҳбарлари учрашувида қатнашган Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азим мамлакатимиз Эркин Савдо Ҳудудига қўшилиши ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйди. Келишув Ўзбекистон Парламенти ҳужжатни ратификация қилгандан сўнг кучга киради. Бир неча йилдан бери Эркин Савдо Ҳудудига қўшилишни пайсалга солиб келаётган Ўзбекистон унга қўшилган тўққизинчи мамлакат бўлди.

2011 йилнинг 18 октябрида тузилган мазкур ҳудуднинг асосий мақсади уни имзолаган МДҲ мамлакатлари ўртасида божхона тўловларини камайтиришдан иборатдир. Энг юқори божхона ставкаларини ўрнатган Ўзбекистон иқтисодиёти, тезлик билан керакли қонунлар қабул қилинмаса, бу келишувдан сўнг яна-да дабдала бўлади. Чунки Ўзбекистон иқтисодиёти эркин рақобат муҳити билан эмас, зўровонлик ва маъмурий буйруқбозлик тизими орқали озиқланиб келарди.

“Бирлик” Ислом Каримни якка моховликда айблаб, Эркин Савдо Ҳудудига қўшилиш кераклигини анчадан бери айтиб келади. Унинг фикри русларнинг иносми.ру сайтида ҳам бир неча марта очиқланган. Ҳозир Ислом Карим биринчи қадамни қилди, Ўзбекистон яккамоховликдан чиқишни давом эттириши ва бунга мос равишда ўз қонунларни дунё стандартларига мослаши керак.