12 May 2013
07:59 - Иштонсиз Ўзбекистонни темир йўллар ҳам айланиб ўтмоқда
Совет замонида Марказий Осиё дунёга фақат Россия орқали чиқиш имкониятига эга эди. Энди янги йўллар очилмоқда. Масалан, Эрон орқали Ҳинд океанига чиқиш. Қозоқ, қирғиз ва тожиклар учун Эронга энг яқин йўл Ўзбекистон орқали ўтади. Аммо, Ўзбекистонга ишонч йўқ. Бир томондан, Ислом Карим ҳар куни эрталаб қайси оёғи билан туришига қараб ташқи сиёсатимизни ўзгартиради. Бошқа томондан, иқтисоди чўкиб бораётган мамлакатимиз билан ҳеч ким жиддий алоқа қилишни истамайди. Маълумки, киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми билан Туркманистондан 6, Қозоғистондан 8 баравар орқадамиз.

Шундай экан, Қозоғистон анча узун бўлса ҳам Туркманистон орқали Эронгача етиб борадиган темир йўл лойиҳаси билан жиддий шуғулланаётгани ғоят табиий.

Кеча Қозоғистоннинг Мангистоғ ва Туркманистоннинг Балқон вилоятлари чегарасидаги Болшак темир йўл станциясининг очилиш маросими бўлди. Икки мамлакат президентларининг иштирокидаги маросимда нутқ сўзлаган Нурсултон Назарбой ва Қурбонгули Бердимуҳаммад бу стратегик темир йўлнинг келажаги ҳақида оптимистик руҳдаги гаплар айтишди. Уларнинг сўзларидан маълум бўладики, Эрон ўз ҳудудларидан ўтадиган 82 километрлик йўлни битирса, Қозоғистон ва Туркманистон Форс кўрфазига ва у ердан Ҳинд океанига чиқиш имконияга эга бўладилар.