14 July 2008
03:00 -
23:00 - “Эзгулик” Андижон вилоят бўлимининг рўйхатдан ўтиш аризаси рад этилди 22:30 - Рус демократлари яна бир марта бирлашиш учун ҳаракат қилмоқдалар 19:00 - Когон воқеалари тафсили очиқланиши керак! (“Эзгулик” жамияти
23:00 - “Эзгулик” Андижон вилоят бўлимининг рўйхатдан ўтиш аризаси рад этилди

Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Андижон вилояти бўлими раҳбари Нурмуҳаммад Азизов вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Иброҳимов томонида шу йил 8 июлда имзоланган 7/234 сонли расмий хат олди.

Бу хат “Эзгулик” вилоят бўлимининг қайтадан таъсис қилингани ва уни қайтадан рўхатга олиш хусусидаги аризага жавоб эди. Б.Иброҳимов ўзбек расмийларинг демократларга ҳар доим берадиган жавоблари каби, масхарабозлик ва лўттибозлик руҳида навбатдаги жавобни берган ва тамомийла ноқонуний нарсаларни важ қилиб, рўйхатда ўтиш аризаси рад этилганини билдирган. Ҳужжатлар - камчиликларни тузатиш учун қайтарилмоқда, деган чиройли ифода ҳам ишлатган.

22:30 - Рус демократлари яна бир марта бирлашиш учун ҳаракат қилмоқдалар

Рус хабар агентликларинг маълумотига кўра, бугун Совет замонининг машҳур диссиденти, Халқаро Хельсинки Федерациясининг президенти Людмила Алексееванинг Москвадаги уйида ва унинг раҳнамолигида рус демократлари Никита Белих (Ўнг Кучлар Иттифоқи партиясининг раиси), Сергей Митрохин (“Яблоко” партиясининг раиси), Россиянинг собиқ Бош вазири Михаил Касьянов (Россия Халқ Демократик Иттифоқининг раиси) ва Россия парламентининг собиқ депутати Владимир Рижков (Россия Республикачилар Партиясининг раиси) норасмий учрашувлар ўтказишмоқда.

Учрашув Людмила Алексееванинг ташаббуси билан бўлган. Унинг квартираси Совет замонида ҳам диссидентлар учрашадиган марказлардан бири сифатида танилганди.

Лекин маълумки, яқингача Людмила Алексеева ҳуқуқ ҳимоячилари сиёсатга аралашмаслиги керак, деган хато фикр билан яшарди ва бу сабабли бошқа машҳур Совет диссиденти Дмитрий Сахаровнинг турмуш ўртоғи Елена Боннер тарафидан танқид қилинганди. Баъзи ўзбек ҳуқуқ ҳимлоячилари, хусусан, Людмила Алексеевага яқинлиги билан маълум бўлган Толиб Ёқуб ҳам шундай хато позицияда туриб, демократия учун курашчиларнинг сафларини заифлаштириш билан шуғулланганларини минг афсуслар билан эслатиб ўтиш лозим. Балки, Людмила Алексееванинг бу қадами ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам бироз реалист бўлишга ундар.

19:00 - Когон воқеалари тафсили очиқланиши керак! (“Эзгулик” жамиятининг Баёноти, 14 июль 2008 йил)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаолларига шу йилнинг 10 июль куни Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги ҳарбий қисмда юз берган портлаш тафсилига доир саволлар билан мурожаатлар бўлмоқда. Оддий фуқаролар, жамоатчилик вакиллари ва дипломатик корпус ваколатхоналари ходимлари томонидан берилаётган саволларда биргина ҳодиса тафсилотлари, унинг оқибати ва мамлакат ҳукуматининг бундай вазиятларда нохолис ахборот тарқатиши билан боғлиқ нохуш анъана такрорланаётгани акс этган. Умуман, мустақиллик йилларида мамлакатда содир этилган террорчилик ҳодисалари, турли фалокат ва офатлар талқини борасида ҳукуматнинг ёлғон ахборотлар тарқатиши, мавжуд аҳволни яшириш ҳолатлари одатий нормага айланиб улгургани таъкидланган.

Мазкур савол ва ҳақли хавотирларнинг ўринли эканини, айниқса мамлакат расмий доиралари Андижондаги қонли воқеалар тафсилини ўрганиш, уни жамоатчиликка ошкор этиш ҳамда қурбонлар сонини эълон қилиш билан боғлиқ ўринда жамоатчиликнинг ишончини тўла йўқотганини тан олмоқ керак. “Эзгулик” жамияти ҳукумат эълон қилган 187 нафар террор қурбонлари сонининг сохта эканини реал фактлар билан исботлаганидан сўнг ҳам бу мавзуга қайтилмади. Аксинча, бундай вазиятларда матбуотнинг оғзига буров солиниши фуқаролар, жамоатчиликда ҳақли эътирозлар туғдирмоқда. Бинобарин, аҳолини ваҳимада ушлаб туриш мақсадида бир неча соатлардан сўнг узуқ-юлуқ, вазиятни тўла ёрита олмайдиган тўмтоқ ахборот тарқатиш тенденцияси жаҳон жамоатчилиги олдида ўта шармандали тус олди.

Бухоронинг Когонида юз берган ҳодиса борасида ҳам ҳукумат орадан ярим кун ўтибгина расмий ахборот тарқатди. Гўё, мазкур фалокат чоғида 3 киши вафот этибди, 20 чоғли киши тан жароҳати олган. Бухорода ҳаммаёқ тинч, туристлар шаҳарда тумонот, асори-атиқаларнини завқ билан томоша қилишмоқда. Аҳоли фаровонликдан маст, ўспиринлар илм олиш иштиёқида коллеж ва ўқув даргоҳлари сари талпинишмоқда. Ҳаво ҳарорати +45 даражадан юқори бўлишига қарамай одамлар кўчага сайрга чиқишган, кенг қулоч ёяётган ислоҳотлар самарасидан боши айланган деҳқон ва фермерлар даладан бери келмайди. Одамлар кечаси уйларига аллақаёқдан учган айрим снаряд парчаларига эътибор ҳам беришмаяпти. Бу билан ҳукумат - миршаблар, прокуратура, фавқулодда вазиятлар, миллий хавфсизлик ходимлари шуғулланишмоқда. Хуллас, вазиятнинг устидан ҳукумат тўла назорат ўрнатган, хавф ортга чекинди, нохушликни эсдан чиқармоқ керак.

Ҳолбуки, минглаб одамларнинг эвакуация қилингани, уларнинг уй-жойлари вайрон бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Ўнлаб хонадонларнинг аза очгани, пойтахт ва бошқа вилоятлардан қариндошлари, яқинларини излаб йўлга тушган кишиларнинг кўплиги маълум. Интернет сайтларида қўшни вилоятлар тугул қўшни мамлакатлардан ёрдам чақирилгани ҳақида маълумотлар бор. Росмана снарядлар омбори портлагани, хавф ҳалигача бартараф этилмаётгани, Когон ҳудудининг қуршаб олингани бор гап. Мамлакат телеведениесидаги шоввозларнинг Бухоро шаҳридан тайёрлаётган лавҳалари, ҳодисага мутлақо дахли бўлмаган репортажлари, кўплаб саволлар туғдирадиган алмойи-алжойи мулоҳазалари кишиларда яна-да хавотир уйғотмоқда. Жилла қурса, воқеа жойидан биргина лавҳанинг намойиш этилмагани, ҳодиса гувоҳларининг шоҳидликлари очиқланмаётгани ажабланарли. Нега энди оддий ўзбекистонликлар ҳодиса маъшум ҳодисага доир тезкор маълумотларни хорижий матбуотдан билиши керак, деган савол туғилади.

«Эзгулик» жамияти юртимизда шу бугунгача содир бўлган фожеавий воқеалар билан хатоларни эндиликда қайтарилмаслиги учун қуйидагиларни таклиф қилади:

- Аввало фалокат кўлами, уни юзага келтирган омиллар, аҳоли хавфсизлигига нечоғли таҳдид солинаётгани реал фактлар билан кўрсатилиши лозим;

- Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тезкор лавҳалари, айрим кўнгилли кишилар томонидан тасвирга туширилган материаллар эълон қилиниши муҳим;

- Мазкур ҳодиса юзасидан тузилган ҳукумат комиссиясининг таркиби, унинг жамоатчилик билан ишловчи бўлими координатлари очиқланиши керак;

- Ҳодиса борасида халқимиз эрки ва иродасини ифода этувчи Парламент позицияси, мустақил экспертлар гуруҳи ҳамда жамоатчилик вакиллари воқеа жойига киритилиши лозим.

- Когон ҳодисаси тафсилотлари очиқланиши, бу борада тузилган ҳукумат комиссияси текширувларнинг бориши хусусида кундалик ахборотлар бериб борилиши шарт;

Республика ҳукумати ва Бош прокуратураси ҳодиса тафсилотларини ўрганиш чоғида ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистларга тегишли тартибда шароитлар яратиб бериш, уларни ахборот билан таъминлаш ўта мухим.

Манба: www.ezgulik.org

11:00 - Абдураҳим Пўлат: АҚШда хусусий ширкатларни банкротликдан давлат қутқараётганига қараб ҳам Ўзбекистонни ўйлаймиз

АҚШнинг иқтисодида, ҳозирча банк-молия системасида, бўлаётган бўхрон туфайли бутун дунё оғир кунларни кечирмоқда. Росссия ўзининг бу жараёнлардан четда эканлигини урғулаётган бўлса ҳам, аслида унинг раҳбарияти катта ташвишдалиги шубҳасиз.

Ўтган жума куни АҚШнинг шарқий қисмида таъсирли бўлган бир банк банкротлигини эълон қилди. Унинг юз минлаб муштарийлари (клиентлари) паника ичида қолган пайтда, АҚШ ҳукумати банкнинг бошқарувини ўз қўлига олди ва ҳаммани ҳотиржам қилиб, банк 90 кун ичида муштарийларни имкон борича задаламайдиган шаклда сотилажагини эълон қилди.

Кеча эса, АҚШнинг ипотека бозоридаги икки дев молиявий корпорация (Fannie Мае и Freddie Mac) оғир аҳволда эканлиги (банкротлик остонасида бўлса керак) эълон қилиниши билан, ҳукумат, аниқроғи, Молия Вазирлиги ва Марказий Банк ролини ўйновчи Федерал Резерв Системаси бу икки корпорацияга ёрдам беражагини очиқлади. Яъни, уларни яқинлашаётган банкротликдан қутқарилиши билдирилди. Ҳукуматни ваъдалари амалга ошса, бу икки корпорациянинг ўз қарзлари бўйича мажбуриятлари, АҚШ ҳукуматининг ўз қарзлари олдидаги мажбурятлари каби давлат кафолатига эга бўлади.

Билмаганлар учун айтиб ўтиш лозим, ипотека – сотиб олинаётган ташилмас мулкни (квартира, уй ва шу кабиларни) гаровга қўйиб туриб, уни сотиб олиш учун ўша гаров асосида қарз олишдир. Масалан, банкдан олинган қарз билан уй сотиб олинсаю, нима сабаб биландир қарз тўланмаса, банк гаровга қўйилган уйни қарз ҳисобига олиб қўйишга ҳақли.

Аслида, банкрот бўлган банк ва Fannie Мае и Freddie Mac ширкатлари хусусий бўлиб, уларнинг тақдири билан ҳукуматнинг шуғулланиши бозор иқтисоди шароитида ёшаётган мамлакат учун тушунилмас нарсадек кўринади. Шу сабабли масаланинг моҳиятига етиш муҳимдир.

Мен ўз тушунчаларимни бундай 40 йилча аввал бўлган бир воқеани англатишдан бошламоқчиман.

1970-73 йиллари СССР Фандар Академиясининг Москвадаги Ҳисобаш Марказида аспирант эдим. Ёши катталар билишади, ўша пайтда аспирантлар бир йиллик филосифия дарси ўтиб, кандидатлик имтохони топширишарди. Шундай дарслардан бирида социализм системасининг капитализмдан афзалликлари муҳокама қилинди.

Табиий, коммунистик системанинг маҳсули бўлган аспирантларининг бири олиб бири қўйиб, капитализмда хусусий мулк эгалари меҳнаткашларни эксплуатация қилиши, ўз мулкини ўз манфаати учун нима қилса қилаберишини, бизда эса, ҳамма нарса халқ манфаатларига бўйсундирилганини гапиришди. Мен ўзимни ўша вақтлардаёқ диссидент, капитализмнинг шайдосию социалистик тузумнинг танқидчиси бўлган одам сифатида кўрсатиш ниятим йўқ. Анча-мунча зиёлилар каби ибтидоий миллатчи бўлсам ҳам, мавжуд тузумнинг моҳияти, демократия-диктатура масалалари хусусида ортиқча бош қотирмасдим. Демократия масалалари билан 70-йилларнинг ўрталарида қизиқа бошлаганман ва демократиягина келажагимиз эканлигини тушуна бошлаганман.

Лекин ўша философия дарсида, ўзим учун ҳам кутилмаганда, тўсатдан шундай гапира бошладим: “Капитализмда ҳам хусусий мулк эгаси ўз мулкнинг абсолют эгаси эмас. Фараз қилинг, АҚШнинг энг катта бойи, масалан Рокфеллер ёки Форднинг авлодларидан бири, нима сабадандир, ўлими олдидан бутун меросини СССРга беришга васият қилди. Аминманки, давлатнинг керакли органлари дарҳол ишга аралашадилар, керак бўлса, қандайдир қонунлар чиқарилади, катта мулкнинг СССРга қолишининг олди олинади.

Айни замонда, ўзимизнинг СССРда катта-кичик давлат магазинларининг мудирлари, турли давлат корхоналарининг директорлари давлат мулкидан ўз мулкларидек фойдаланишларинии ҳамма билади. Масалан, мен туғилиб ўсган қишлоқ ҳудудидаги каттагина “Қишлоқ магазини”нинг (Сельмаг) 50-чи йилларда мудири бўлган одам ҳамма ўғил ва куёвларига “ЗИМ” автомобиллари олиб берарди. Ҳали вояга етмаган қизи учун ҳали “ёғи тозаланмаган” “ЗИМ” олиб қўйгани ҳақида ривоятларни мактабда ўқиб юрганимда эшитганман. Ваҳоланки, унинг ойлиги бор-йўғи 100 сўм атрофида бўлган. Шулардан келиб чиқиб, мулкчилик масаласида икки системанинг фарқлари билан бир қаторда, мулкни ишлатишдан олинадиган фойдани ўзлаштиришдаги ўхшашликларини ҳам ҳисобга олиш керак.”

Бу анча-мунча ибтидоий фикрлашларим ҳам, моҳиятан тўғри бўлгани учундир, ҳаммага катта таъсир қилди. Бу дарсдаги 10-15 аспирантининг ҳаммаси комсомол эди. Бир неча кундан кейин бўлиб ўтган косомол ташкилотининг мажлисида ҳам улар кўпчиликни ташкил қилардилар. Ва улар дод-войлар билан қаршилик кўрсатишимга қарамасдан, мени комсомол ташкилотининг котиби қилиб сайлаб қўйишган. Бу иш – сиёсий иш, сен эса, сиёсатчилигингни философия семинарида кўрсатдинг, деб кулишган.

Мана орадан шунча вақт ўтиб, мулкчилик масаласидаги нисбийлик ва менинг 40 йил аввал экспромт қилиб айтган фикрларим қанчалик ҳақиқатга яқинлигини кўриб турибмиз. АҚШдек демократик давлатда ҳукумат хусусий мулк асосидаги муассасаларни банкротликдан қутқармоқда, Россиядаги ярим авторитар ярим диктаторликда эса, мамлакатнинг энг бой одами Ходорковскийнинг мулки давлат даражасидаги лўттибозлик билан (бир неча миллиардлик ЮКОСнинг бир кунликка тузилган ширкатга сотилишини эсланг) феълан давлат мулкига айлантирилди.

Демоқчиманки, мулкчилик масаласи социалистик системада ҳам оддий масала бўлмаган, капитализмда ҳам оддий эмас.

Кези келиб қолганидан фойдаланиб, мулкчиликни тўғри тушуниш билан боғлиқ бўлган яна бир воқеани айтиб бермоқчиман.

Бундан икки йилча аввал ҳозир бор-йўқлиги номаълум бўлган (бор бўлса ҳар ҳолда товуши чиқарди) Демократик Ўзбекистон Конгресси ташкилоти фаолларини амалда фаолият олиб бораётган мухолифатга яқинлаштириш учун бир қатор қадамлар қилдим. Хусусан, бу ташкилотнинг Вашингтон атрофида яшайдиган 4-5 аъзоси билан Нью-Йоркка келиб, бу ердагилар иштирокида мажлис ўтказдик.

Нью-Йоркка кетар эканмиз, йўлда, Боҳодир Чориев бошқараётган минивенда, бир масала устида бахс бўлиб қолди. Улар Ўзбекистоннинг бойлигини президент қизлари ўмариб кетаётганидан катта ташвишда эдилар. Мен бошқача фикр билдирдим: “Биринчидан, Ўзбекистоннинг бойлиги икки қиз ўмариб кета оладиган ўлчовда эмас. Иккинчидан, тан олиш керакки, ҳамма диктатураларда, "катта"ларнинг болаларини пичоғи мой устида бўлган ва бўлади. Аммо, коммунистик режимларда уларнинг хусусий мулки бўлмаган. Ҳозир эса бор. Лекин, улар мулкни ҳеч қаерга ташиб кетолмайдилар. Уларнинг ширкатлари ишлаяпти, у ерда одамлар ишлаяпти, одамларга хизмат кўрсатилаяпти. Мулкни ишлатишдан олинган фойдани ҳам еб-ичиб тугатиб бўлмайди, демак, унинг асосий қисми мулкни кўпайтиришга кетади.

Агар улар мулкка ноқонуний етишишган бўлса, вақти келади, мулк қонуний йўллар билан эгасига, яъни халққа қайтарилади. Чет элларда катта пуллари бўлса, Филиппин диктатори Маркосни эслашлари лозим. У ўлгандан кейин, ҳукумат Маркоснинг хотини номида бўлган ҳамма пулларни чет эл банкаларидан қайтариб олганди. Бизда ҳам шундай бўлади. Шунинг учун биз президент ва унинг қизларини эмас, Ўзбекистоннинг ва миллатимизнинг келажагини нишон/мақсад қилиб фаолият олиб боришимиз керак. Мавжуд режимни ўзгартириш - ўша буюк мақсадимиз йўлидаги муҳим, аммо кичик бир қадамдир, холос”.

Мен ҳозир ҳам ўша фикримдаман.

Айни замонда, ўрта асрларнинг судхўрлигидан мутлақо фарқ қиладиган замонавий банк-молия системаси ислом динига тўғри келмайди, деб ислом дунёсини қолоқликка дучор қилаётган чала муллалар ва ўзлари ўтирган курсини маҳкам ушлашдан бошқа нарсани ўйламаганлари сабабли жиддий, демак, машаққатли ислоҳотлар ўтказмасдан, иқтисоднинг моторларидан бири бўлмиш банк-молия системасини ибтидоийликда ушлаб туришга интилаётган исломкаримчиларга қарши курашиш қанчалик муҳимлигини яна бир марта урғулашни истайман.