08 March 2013
17:11 - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ислом Карим улуғланмоқда
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари тарафидан тарқатилаётган хабарларга қарасангиз, бугун айнан шу кишининг байрами эканлигини, ҳамма ўзбек аёллари айнан шу буюк инсонга ҳамду-санолар ўқиётганини кўрасиз. Ўз-ўзидан маълумки, эрлари ёки фарзандлари Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилаётган миллионлаб аёллар Ислом Каримни табриклашдан ҳозирча ўзларини тийиб турибдилар. Чунки улар, ЎзАнинг мухбирларидан фарқли ўлароқ, айнан “Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда” эканлигини ҳали тушунишмайди.

Кеча “Туркистон” саройида бўлиб ўтган тантанали тадбир қатнашчиларининг ҳаёлида ҳам фақатгина Ислом Карим бор эди. Ҳамма ичида дуо қиларди: Ҳатто байрам куни ҳам кўринмаган президентимизга бир нарса бўлиб қолган бўлмасин, у кишини “иштонсиз” деб ҳақорат қилаётганларнинг ўзи ҳам иштонсиз қолсин, омин.