05 March 2013
02:51 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Ижод” фонди теварагидаги кирдикорлар
Мана беш-олти йилки, маданият-маърифат, адабиёт ва санъат соҳасида кадрлар танқислиги якқол кўзга ташланаяпти. Буни Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси мисолида ҳам бемалол кўришимиз мумкин. Абдулла Орипов бир қанча фитна фасоддан сўнг уюшма раислигидан олиб ташлангач, бўш қолган ўринга ижодкорликка ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган Бобур Алимов ўтқазилди.Ҳолбуки, Б. Алимов ўша пайтда Давлат Матбуот Агентлиги вазири эди! Барча адибу шоирлар ҳайрону лол қотишди: икки катта амал унга оғирлик қилмасмикан?! Устига устак адабиётдан йироқ одам.

“Менинг катта ютиғим шеър ҳам, ҳикоя ҳам ёзмайман. Шунақа хислатларим Президентга маъқул келиб қолди,”- деди Б. Алимов катта йиғинларнинг бирида кибр билан.

Бугунги кадрлар танқислигига Иқбол Мирзо фаолияти ҳам якқол мисол бўлади. Бу ясама шоир бугун аллада азиз, тўрвада майизга айланган. Адабиёт ва санъат билан боғлиқ тўртта ўта муҳим лавозим эгаси: “Ассалом Ўзбекистон”нинг бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раиси ўринбосари, Республика эстрада санъатини ривожлантириш ҳайъати раиси, Мудофаа вазирилиги қошидаги Жамоатчилик Кенгаши раиси! Тағин сенатор! Қизиқ, бу амалларнинг ҳар бири кишидан эртаю кеч банд бўлишни талаб қилади. Иқбол Мирзо бир ҳамла билан қандай қилиб мунча ишга улгуряпти экан?! Ё ушбу вазифаларнинг ўта масъулиятли ва аҳамиятли эканлиги ёлғон, ёки Иқбол Мирзо шу вазифаларни астойдил, кўнгилдагидек бажараётгани ёлғон! Афтидан бугунги жамиятимиз, сиёсатимиз шундай майнавозчиликка айланиб кетди.

- Аслида бизда кадрлар танқислиги йўқ, - дейди биз билан суҳбатда мутахассислардан бири,- адабиётда ҳам, маънавиятнинг бошқа жабҳаларида ҳам етук кадрлар бор. Фақат улар водийлик ёхуд Тошкентлик эмас. Ҳамма муаммо ана шунда! Ҳозир маҳаллийлийчилик кенг қулоч ёйди. Водийпарастлик авж олди. Республиканинг бошқа томонларидан келган мутахассислар атай четга сурилмоқда.

Мутахассиснинг сўзларида жон бор, албатта. Инчунин, Минҳожиддин Ҳожиматовнинг амалдан-амалга парвози ҳам шу ғалати ҳақиқатдан дарак бериб турибди. Шу ўринда оғриқли бир савол туғилади. Хўш, бундай сунъий танқислик, саноқли кишилар қўлига сон-саноқсиз лавозимларни топшириб қўйиш қандай оқибатларга олиб келади? Буни Бобур Алимов фаолиятидан ҳам якқол кўришимиз мумкин.

Бинобарин, Бобур Алимов Ёзувчилар уюшмасидаги фаолияти даврида ўз мафиясини шакллантирди. Бу мафиянинг қозони “Ижод” фонди саналиб, унга Акбар Адизов деган валломатни “чўмич” қилиб тайинлади. Адизов деганлари шунчаки чўмич эмас, балки пулни пулга урадиган, қонун-қоидани бир тийинга олмайдиган одам экан. Ҳукумат томонидан ижодкорлар учун ажратилган миллиардлаб пулларни ҳамтовоғи ва хўжайини Бобур Алимов билан туя қилиб келгани уюшма аъзоларига энди маълум бўлмоқда.

Маълуотларга кўра, ижрочи директор Адизов “Ижод” фондининг 1,8 миллиард сўмини процент туғиб ётиши учун аллақандай хусусий “Ўктамбанк”ка жойлаштирган, яна бир “Давр” деган банкка бир милллиард сўм қўйган экан. Фоизи катта, чўнтакни тўлдиради, деганди шоввоз. Буни қарангки, бу банклар ёпилди, банкнинг катталари хорижга қочиб қолди, “Ижод”нинг пули эса йўқ!

Адизов “Ижод” фондининг пулига Қибрай тумани Май қишлоғида аввал 500 та, сўнг яна 300 та қўй сотиб олган экан. Бугун Май ўтлоқларида маъраб юрган бу қўйларнинг ҳисобини Бобур Алимовдан сўраш керакми ёки “Ижод” фонди муассислар кенгаши раиси, Бош вазир Шавкат Мирзиёевдан, буни биров билмайди. Президент Ислом Каримов эса ижодкорларни рағбатлантириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳақида лоф уради, аксинча, фондни қашқирларга топшириб қўярмиди?!

Хуллас, “Ижод” фонди ғорат қилинди, уюшмага янги раис этиб тайинланган ёзувчи Муҳаммад Алининг бу ишлардан боши қотган.

Эшитишимизча, ўтган куни Бобур Алимов Бош вазирнинг суҳбатидан ўтибди, яна “Ижод” фондига раҳбар қилиб қайта тайинланармиш. Фонднинг қолган қутган мулкларини ҳам еб битир, Май қишлоғидаги қўзичоқлардан тандир кабоб келтириб турасан, дейишган бўлса керак-да!

Уста Ҳақгўй