02 February 2013
03:41 - Навбатдаги сафсата: Ўзбекистонда кимё саноати изчил ривожланмоқда эмиш
“Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясида унга қарашли корхоналарнинг 2012 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, барча корхоналарнинг иш натижалари тақдим қилинди, дейилади ЎзАнинг хабарида.

Биз ҳукуматнинг ҳеч бир соҳадаги байрамона ҳисобатларига ишонмаймиз, дейди мухбиримиз. Лекин, ҳукуматдан фарқли ўлароқ, қуруқ сафсата қилмаймиз, ҳар бир фикримизни аниқ факт ва аргументлар билан исботлаб берамиз. Ҳозир ҳам шундай қилмоқчимиз.

Ишонинг, агар қашшоққа айланиб бўлган мамлакатимизда ҳеч бўлмаса кимё саноатида жиддий ривожланиш бўлса, хурсанд бўлардик, ғалабалар бўлса, олқишлардик.

Аммо, хабарнинг бошидаёқ “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясининг техник ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Раҳмат Ўсаровнинг тақдимот пайтидаги қуйидаги сўзлари келтирилади: “Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда кимё саноатини изчил ривожлантириш, корхоналар қувватидан самарали фойдаланиш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда”. Ислом Карим номи тилга олиниши биланоқ бу соҳада Ўзбекистонда сезиларли олға кетиш борлигига шубҳа пайдо бўлди. Ахир, айнан шу кишининг раҳнамолигида СССР замонида ҳам туппа-тузук яшаган, Марказий Осиёда ҳаммадан бой яшаган ўзбеклар қашшоқ миллатга, мардикорлар миллатига айландику! Айнан Ислом Карим раҳнамолигида Ўзбекистонда ўртача ойлик 80-90 доллар атрофида қолди, қозоқларда сал кам 700 доллар. Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулотнинг (ЯИМ) ҳажми билан қозоқлардан 8 (!!!) баравар орқадамиз.

Келинг, асосан халқни алдаш билан шуғулланадиган Ислом Каримни четга қўйиб, кимё саноатимиз қандай ривожланаётганини кўрсатувчи рақамларга қарайлик. Хабарда айтилишича, ўтган йили “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси корхоналари томонидан 1 триллион 560 миллард 700 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бир доллар 2 минг сўм атрофида эканлигини ҳисобга олсак, бу - 1 млрд 560,7 млн доллар бўлади. Азиз ўқувчиларимиз, ётиб олиб, ё кулинглар ё йиғланглар. Совет замонида ҳам Ўзбекистонда кимё саноати жуда ривожланган эди. Мустақил бўлганимизга 20 йилдан ошди. Бу соҳада бир йилда бор-йўғи 1,5 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарибмиз. Бу - ЯИМнинг 3 (!!!!) фоизини ташкил қиладику. Яъни, ҳеч қандай ривожланиш йўқ.

Балки, 2012 йилда бўлгандир? Хабарда бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган. Фақат бу соҳанинг бир йўналиши тилга олинган: “ўтган йили компания корхоналари томонидан бир миллион 200 минг тоннадан зиёд минерал, азот, фосфор ва калий ўғитлари ишлаб чиқарилди. Бу 2011 йилнинг шу давридагига нисбатан анча кўпдир”. Эътибор беринг, анча кўп дейилган, аммо қанчалиги айтилмаган! Тақдимот эмас, масхарабозлик.

Хабарда яна бир рақам тилга олинади. 2012 йилда 103 миллиард сўмликдан зиёд халқ истеъмоли моллари чиқарилган, бу олдинги ишлаб чиқариш суръатига нисбатан ўсиш 142 фоизни ташкил этганидан далолат берар эмиш. Содда одамларга мўлжалланган масхарабозлик. Эътибор беринг, халқ истеъмоли молларининг ҳажми 142 фоизга ортмаган, ўсиш суръати ортган. Масaлан, 2011 йилда ўсиш 1 фоиз бўлган бўлса, 2012 йилда 1,42 фоиз бўлган.

Хуллас, ҳаммаёқ масхарабозлик. Режим ўзгармас экан, қашшоқлигимиз чуқурлашаверади.

Иқтисодда инқилобий ҳамлалар қилиш лозим. Ростакам бозор иқтисодиётига ўтиш, бойлар синфи, яъни инвесторлар синфи яратилиши учун йўл очиш, ҳақиқий банкчилик системаси яратиш шарт. Минг афсуски, Ислом Карим бунақа нарсаларни тушунмайди ҳам. Аҳволимиз оғир, ўзбеклар!!!