30 November 2012
22:36 -
Нурсултон Назарбой Кэтрин Эштон билан учрашди, Абдуллоҳ Гулдан табрик олди, 2013 йилда Тошкентга келмоқчи

Маълумки, бир неча йил аввал Центразия.ру каби сайтларда Нурсултон Назарбойнинг “Европа Бирлиги”га ўхшаш “Марказий Осиё Бирлиги” тузиш ҳақидаги оламшумул таклифи қизғин муҳокама қилинган эди. Аммо, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат “Марказий Осиё Бирлиги” ғоясиниг муаллифи “Бирлик” эканлиги, бу хусусда “Бирлик” халқ ҳаракатининг 2003 йилдаги қурултойида махсус баёнот қабул қилингани, шу туфайли Нурсултон Назабойни қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳақидаги мақоласини айнан Центразия.ру сайтида эълон қилгач, нима учундур Нурсултон Назарбой минтақавий интеграция ҳақида гапирмай қўйди. Афтидан, у Кэтрин Эштонга ўша фикрини эслатган ва тўғри қилган.
Бир неча кун аввал биз ҳам хабар берганимиздек, Қозоғистон 2017 йилда жаҳон “ЭКСПО-2017” кўргазмасини ўтқазиш бўйича мусобақада ғолиб чиққан эди. Бугун хабарларда айтилишича, Туркия Президенти Абдуллоҳ Гул Нурсултон Назарбойга телеграмма юбориб, бу ғалаба билан табриклабди.
Қозоғистонга билан боғлиқ яна бир хабар бор. “Ҳаракат” агентлиги кеча Тошкентда Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Кримбек Кушербаевнинг ҳам иштирокида, Ўзбекистон-Қозоғистон ҳукуматлараро комиссиясининг (раисдошлари - Рустам Азимов ва Кримбек Кушербаев) мажлиси бўлганини кечаёқ билдирганди. Ўзбек хабар воситалари бу ҳақда бугунгина хабар тарқатмоқдалар.
Шу хабарларда бошқа бир янгилик ҳам бор. Кримбек Кушербаевнинг айтишича, шу йил сентябрь ойида Ислом Каримнинг Остона ташрифига жавобан, 2013 йилда Нурсултон Назарбой Тошкентга келади. Келиш вақти тилга олинмаган. Омон-эсон янги йилга етиб олайлик, у ёғи бир нарса бўлар.