09 October 2012
18:32 - Швециялик журналистлар Гулнора Каримовани фош қилишни давом эттиришмоқда

Аввалги хабарларимиздан маълумки, Швеция журналистлари ўз мамлакатларининг TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнесга кириш учун Президент Ислом Каримнинг қизи Гулнорага бир неча юз миллион долларлик пора берганини иддао қилишган эди. Иддаога кўра, Швецарияда Гулнора Каримованинг одамлари, уларнинг ичида Гулнорага яқин бўлган Гаянэ Авакиян исмли аёл ва ҳозир Швецария полицияси қўлида бўлган Алишер Эргашев бор, Takilant номли ширкат тузишган, TeliaSonera айнан шу ширкатга пора пулларини ўтказган. Аммо, бу ишларга Гулноранинг аралашганини исботловчи аниқ далиллар йўқ эди.

Мухбиримизнинг бугун Швеция газеталарида эълон қилинган маълумотларга асосланиб хабар беришича, яна икки шубҳали ширкатнинг номи ўртага чиқибди. Булар – Францияда рўйхатда олинган Invest Studio ва Invest Service Group ширкатлари бўлиб, айнан шу ширкатларни 2009 ва 2010 йилларда таъсис этишга оид ҳужжатларнинг бирида Гулнора Каримова ва ижрочи директор сифатидаги Алишер Эргашевнинг имзолари ёнма-ён турганини кўриш мумкин. Газеталарда бу ҳужжатнинг расми ҳам бор.

“Ҳаракат” экспертнинг фикрича, Эргашев швецарияликлар билан келишиб, ўзига бериладиган жазосини юмшатиш шарти билан (Ғарбда бунга расман рухсат берилади) Гулнорага қарши кўрсатма беришни бошлаган бўлса керак.

 

Ҳозир Takilant ширкатига TeliaSonera ширкатининг пулларини ўтказиб берган Швециянинг Nordea номли банки ҳам шубҳа остига тушибди. Бунинг сабаби қизиқ.

 

Маълум бўлишича, Takilant ширкати “TeliaSonera”дан пул олиш учун ўзининг офшор зоналардаги банк ҳисобидан фойдаланмасдан, Швецияда Nordea банкида ҳисоб очиб, пулни шу ерга ўтказибди. Қонунларга кўра, банклар катта пул ўтказаётганда, пул олаётган тарафни текширишлари керак, аммо бундай қилинмабди. Энди бу банк Takilant ширкатининг гарантёри сифатида айнан TeliaSonera турганини айтаётган эмиш. TeliaSonera эса Ўзбекитондаги Usell ширкатининг хўжайини.

Шундай қилиб, бу ишга аралашганлпрнинг ҳаммасини боши дардда.

Алоҳида таъкидлаш керакки, икки одамнинг битта ҳужжатга ёнма-ён имзо отиши ҳали жиноят эмас, аммо жиноятни очиш йўлидаги яна бир билвосита далил эканлиги шубҳасиз бўлгани каби, жиноят барибир очилиши ҳам шубҳасиздир. Чунки, бундай билвосита далиллар сони, бугунги Швеция газеталаридаги хабарлар ҳам кўрсатиб турганидек, борган сари ортиб бормоқда. Қолаверса, тарихдан маълумки, жуда кўп ҳолларда жиноятлар айнан билвосита далиллар асосида очилади.

Аммо, жиноят тўла очилса ҳам, Гулнора отасининг ҳимоясида Ўзбекистонда ўтираверади. Буни ўзи ҳам тушуниб етди шекилли, Ўзбекистонда бўлаётган турли кўнгилочар тадбирларда очиқча қатнашиб, бундан кейин вақтини қандай ўтказишини намойиш қилмоқда.

Ўзбекистондаги режим ағдарилмагунча, Foohoosha шундай юраверади, аммо жавоб берадиган вақт ҳам келади.

Расмда - Foohoosha ва Алишер Эргашевлар имзо қўйган ҳужжатнинг расмида исм ва имзолар ажратиб бўлмайдиган даражада кичик бўлганисабабли Foohoosha билан Гаянэ Авакиян бирга тушга расмни бермоқдамиз. Ҳар кимга ибрат бўлсин, тўғри келган одам билан ётавериш, имзо отавериш ва расмга тушавериш яхшиликка олиб бормайди.