26 September 2012
15:49 - ЎзА сайтини яхшилаш йўлида "Ҳаракат"дан ибрат олинаётгани яхши, аммо хабарчилик моҳиятини ҳам қўрқмасдан, биздан ўрганиб яхшилаш керак
Ўзбекистондек давлатнинг Миллий Ахборот Агентлиги (ЎзА) дунёнинг энг ибтидоий хабарчилик воситаларидан бўлса керак. Жаҳонда ва Ўзбекистонда бўлаётган кундалик воқеалар билан ўзбек халқини танитиш нуқтаи назаридан энг ибтидоий десак ҳам бўлаверади.

Аммо, унинг Интернетдаги сайтининг кўриниши ҳам ўта ибтидоий бўлиб, асл мақсад- ўқувчиларни ўзига тортиш эмас, ўзидан итариш эканлиги шубҳасиз. Ўйлаймизки, бу сайтга “Ҳаракат” агентлигининг мухбирларидан бошқа ҳеч кирмасди ҳам. Мухбирларимиз ҳам ўзларига юклатилган мажбурият туфайли кирардилар.

Бугун ЎзАнинг сайти шаклан ўзгартирилибди. Шошилинчда қилингани кўриниб турган ўзгаришлар уни бироз жозибалироқ қилинибди. Ягона устунда жойлашган хабарлардан бошқа ҳеч нарса бўлмаган бош саҳифада рукн-устунлар пайдо бўлибди. Рукнлардан бирининг номи – Муҳим янгиликлар. “Ҳаракат”нинг сайтида айнан шундай рукн “Муҳим хабарлар” номи билан 2 йил аввал киритилгади. Бировдан ўрганиш яхши, аммо шунчалик кечми, ЎзАчилар?

ЎзАнинг сайти апил-тапил ўзгартирилганига ҳам шубҳа йўқ. Акс ҳолда, Ўзбекистонда ўтказилаётган Ахборот Коммуникацион Технологиялар ҳафталигини гўёки оламшумул воқеа сифатида кўраётган ЎзА ўз сайтидаги ўзгаришларни бу Ҳафталикка туҳфа сифатида аввалроқ қилган бўларди. Балки, Ҳафталик давомида чет элликларидан бири бу сайтнинг шакли ибтидоийлигини тилга олгандир, апил-тапил ўзгаришлар қилингандир.

Энди ЎзА хабарчиликки ёндошишни ҳам тубдан ўзгартириш шарт. Чунки бу агентликнинг ҳозирги аҳволи масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Масалан, Қозоқларнинг расмий давлат хабар агентлиги Казинформ кунига 300 дан ортиқ жаҳон ва Қозоғистон хабарларини тарқатар экан, ЎзА 15-20 тадан ортиқ ҳеч кимга қизиғи бўлмаган, янгилик ҳам деб бўлмайдиган, бир нарсалар тарқатади.

Эй, ЎзАнинг журналистлари. Мавжуд тузумнинг охири келаётганини ёш бола ҳам тушуниб турибди. Ундан кейин қандай нон топишни ҳам ўйлаб кўринглар. МХХ ичида бу хусусда ўйлаёдиганлар пайдо бўлгани кўриниб қолмоқда. Сиз нимадан қўрқасиз?